Ўзбекистонга гиёҳвандликка қарши курашиш бўйича мобил гуруҳлар учун ускуналар келтирилди
Янги ташкил этилган Идоралараро мобил гуруҳлар ва чегаравий ўзаро ҳамкорлик Идоралари ишини қўллаб-қувватлаш учун зарур бўлган умумий қиймати 674000 АҚШ доллар миқдоридаги 14 та транспорт воситаси, стратегик, тактик ускуналар ва офис мультимедиа техникаси Гиёҳванд моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази, Давлат божхона қўмитаси, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ва Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига топширилди. Бу ҳақда Anhor.uz нашрига БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
Бундан ташқари, илгари Давлат Божхона Қўмитасига Тошкентдаги идоранинг марказий аппарати негизида Вазият марказини ташкил этишни қўллаб-қувватлаш учун қиймати ярим миллион АҚШ долларидан зиёд ускуналар берилган эди, унинг расмий очилиши яқин орада бўлиб ўтади.
Ушбу ускуналарни топшириш БМТ Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси (НЖБ) ва Япония ҳукумати ўртасида 2020 йил февраль ойида имзоланган, 2015-2021 йилларда Марказий Осиё давлатлари учун БМТ НЖБ дастури доирасида Марказий Осиёдаги чегаравий ўзаро ҳамкорлик идоралари ва Ўзбекистондаги идоралараро мобил гуруҳлар салоҳиятини кучайтириш йўли билан минтақавий трансчегаравий ҳамкорликни кучайтириш орқали гиёҳванд моддалар савдоси ва трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши курашишга қаратилган грант шартномасининг бир қисмидир. Ушбу ташаббус Ўзбекистоннинг 2017-2021 йиллар учун Ҳаракатлар стратегиясини тарғиб қилишга ва 2030 йилгача бўлган даврда БМТнинг барқарор ривожланиш кун тартибининг 16-Мақсадига эришишга ёрдам беради. Ташаббусни мамлакат миқёсида амалга ошириш Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Гиёҳванд моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил марказининг мувофиқлаштириши остида амалга оширилади.
Шарҳлар