Ўзбекистонга Россияда ишлаб чиқилган 35 млн доза коронавирус вакцинаси етказиб берилади
Россия тўғридан-тўғри инвестициялар фонди (РТТИФ) ва LAXISAM фармацевтика компанияси Ўзбекистонга 35 млн дозагача миқдорда «Спутник V» вакцинасини етказиб бериш ҳақида келишиб олди. Бу ҳақда РБК фонднинг матбуот хизматига таянган ҳолда хабар беради.
«Ўзбекистон ҳукумати маъқуллаганидан кейин 2020 йилда республикага 10 млн дозагача миқдорда, 2021 йилда эса 25 млн дозагача миқдорда вакцина етказиб берилиши мумкин», — дейилади хабарда.
РТТИФ раҳбари Кирилл Дмитриевнинг қайд этишича, вакцинанинг етказиб берилиши Ўзбекистон тиббий ходимлрини коронавирусга қарши курашиш учун илғор восита билан таъминлайди, у фуқароларда узоқ муддатли иммунитетнинг шаклланишига ва уларни хавфсизлантиришга ёрдам беради.
Reuters маълумотларига кўра, фонд Қозоғистон, Ҳиндистон, Мексика ва Бразилиянинг иккита штати билан ҳам етказиб бериш ҳақидаги келишувларни имзолаган.
Россиянинг Н.Ф.Гамалея номидаги Эпидемиология ва микробиология миллий тадқиқот маркази томонидан ишлаб чиқилган коронавирусга қарши «Спутник V» вакцинаси 11 август куни рўйхатдан ўтказилган. Марказ раҳбари Александр Гинцбург ушбу вакцина камида 2 йил давомида COVID-19 дан иммунитетни таъминлашини ваъда қилган. Ҳозир препарат регистрациядан кейинги синовлардан ўтказилмоқда. Сентябрь ойида вакцинанинг дастлабки партиялари Россиянинг барча ҳудудларига етказиб берилди.
Шарҳлар