Тураржойлар бузилишини Конституция назорати остига олиш

Источник: архивное фото

Ўзбекистонда хусусий мулкнинг бузилиши, тўғрироғи, унинг ноқонунийлиги ёки мулкдорларга белгиланган товон пулининг тўланмаслиги энг долзарб масалалардан бири ҳисобланади.

Ҳар бир бундай ҳолат – бу шу инсоннинг фожиасидир. Вазиятни кўпинча хусусий қурилмалар ёки уй-жойлар жамоат манфаати учун эмас, балки бошқа хусусий мулкдорларга ўзларининг тижорат эҳтиёжларини қондириши учун оммавий кўламда бузиб ташланиши сабабли янада оғирлашмоқда. Бундан ташқари, мансабдор шахслар кўп болали оилаларни, пенсионерларни, ногиронлиги бор шахсларни, яъни алоҳида ҳимоя остида бўлиши керак бўлган кишиларни “кўчага ташламоқда”, ҳолбуки фақат давлат органларигина одамларни кўчириши мумкин.

Тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун банкдан кредит олиб, муваффақиятга эриша олмагани учун эмас, балки ажратилган ердан ҳайдалгани учун банкрот бўлиб, мол-мулки йўқ бўлиб кетган ҳолатлар кўп.

Натижа – одамларнинг умидсизликлари, қонун ва адолатга ишонмаслиги, баъзан ўз жонига қасд қилиши ҳолатлари учрамоқда. Кишиларнинг дилида тўпланган салбий ҳиссиётлар эртами-кечми доим ижтимоий портлашга олиб келган.

Ўзбекистон Президенти 2020 йил декабрь ойида Ер кодексига кўчмас мулк эгаларига вайрон қилинган мулкнинг бозор қиймати, уларни янги жойга ёки тураржойга кўчириш билан боғлиқ харажатларни, шунингдек йўқотишлар, шу жумладан бой берилган фойда ва бошқа харажатларни тўлиқ қопламасдан туриб бузишни тақиқловчи ўзгартишларни имзолади. Ер участкаларини олиб қўйиш вақтида объектларни бузишга фақат тураржой ва нотурар жой бинолари амалда тўлиқ бўшаганидан кейин йўл қўйилади.

Давлат раҳбарининг ушбу муаммога қаратаётган эътибори туфайли Ўзбекистонда 2021 йилда давлат ва жамият эҳтиёжлари учун олиб қўйилган ер участкаларидаги биноларнинг эгаларига давлат органлари томонидан 1 триллион 37 миллиард сўм (100 миллион долларга яқин) компенсация тўланган. Бундан олдин эса, 2020 йилда «бузилиш» га тушган мулкнинг атиги 45 фоизи учун компенсация тўланган.

Албатта, мамлакат президенти ҳар доим мавжуд муаммолардан хабардор бўлиши керак, шунга қарамай, унинг асосий вазифаси давлат хавфсизлигини таъминлаш, унинг жаҳон миқёсида ривожлантиришдир. Ҳар бир мансабдор шахс ўз бурчини виждонан бажаряптими ёки йўқми, у «миннатдор»нинг фойдасига қарор қабул қилгани учун чўнтагига моддий “миннатдорчиликни” соляптими ёки йўқми – буларни президент шахсан доимий назорат қилиши керак эмас. Бунинг учун ушбу хатти-ҳаракатларнинг бажаришга йўл қўймасликни ва, агар улар барибир содир этилган бўлса, жазо муқаррарлигини кафолатлайдиган аниқ назорат тизими бўлиши зарур. Бундай тизим бўшлиқлар ва турли талқинларга йўл қўймайдиган шаффоф ва бир маъноли қонунчиликка асосланиши керак.

Конституцияга ҳеч ким суд қарорисиз мулкидан маҳрум этилиши мумкин эмаслигини кўзда тутувчи ўзгартириш киритишнинг асосий сабаби ҳам шу. Мулкни жамоат эҳтиёжлари учун мажбурий бегоналаштириш қонун ҳужжатларида назарда тутилган истисно ҳолатларида ва тартибда олдиндан ва унга тенглаштирилган компенсация тўланиши шарти билан амалга оширилиши мумкин.

Ушбу норманинг мустаҳкамланиши бузиш ҳақида қарор қабул қилувчилар томонидан зарарни олдиндан қопламасдан туриб бузишга рухсат бериш имкониятини йўқ қилади. Шунда хусусий мулк чинакам дахлсиз бўлиб қолади ва ҳеч ким ўз мулкини ҳимоя қилиш учун ўзига ўт қўйиши ёки ўзини бульдозер остига ташлашига хожат қолмайди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.