Ўзбекистоннинг ҳудудий аэропортларига янги номлар берилади
Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Транспорт вазирлиги ва «Ўзбекистон аэропортлари» АЖ ҳудудий халқаро аэропортларга энг яхши ном бериш бўйича танлов эълон қилди.
Танловнинг мақсади Ўзбекистон минтақавий халқаро аэропортларига энг яхши ном топиш жараёнига кенг жамоатчиликни жалб қилишга йўналтирилган. Тошкент шаҳар И.Каримов номли ҳамда Андижон шаҳар Заҳириддин Муҳаммад Бобур номли аэропортлар бундан мустасно, деб ёзади Давлат туризмни ривожлантириш қўмитасининг матбуот хизмати.
Мазкур танловда иштирокчининг фуқаролигидан қатъи назар, 16 ёшдан ошганлар, жумладан, талабалар, ижодкорлар, олимлар, тарихчилар ва туризмни ривожлантириш истагида бўлган барча кишилар иштирок эта олади.
Таклифлар фақат онлайн тарзда қабул қилинади. Лойиҳалар иштирокчининг шахсий маълумотлари (тўлиқ исми шарифи, ёши, иш фаолияти, яшаш жойи, телефон рақами), аэропорт номлари бўйича таклифи, шунингдек ғоя тавсифи ва ҳудуд учун аҳамияти ҳақидаги изоҳ билан бирга тақдим этилади.
Танлов учун материаллар 2020 йилнинг 20 августидан 20 октябрига қадар қабул қилинади.
Шарҳлар