«Яллама» назорат-ўтиш пунктида уч йил давомида иккинчи марта ҳайдовчилардан пул ундириб келган гуруҳ фош этилди
ДХХ ходимлари томонидан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Давлат божхона қўмитаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда “UzNews” нашри ДХХ матбуот хизматига таянган ҳолда хабар беради.
Жиноий гуруҳ аъзолари Хитой давлатидан Қозоғистон орқали Ўзбекистонга импорт товарларини ташиш билан шуғулланувчи автофура ҳайдовчиларининг Тошкент вилоятида жойлашган “Яллама” чегара-божхона пости орқали ўтишлари жараёнида божхона расмийлаштирувини тезлаштиришни баҳона қилиб, улардан товламачилик йўли билан пул ундириб келган.
Дастлабки суриштирув ҳаракатлари давомида, мазкур жиноий гуруҳ сохта ҳужжатлар ёрдамида товар-моддий бойликлар импорти билан ҳам шуғулланганлиги аниқланди.
Ўтказилган тезкор тадбирда гуруҳ аъзоларига тегишли бўлган Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги 6 та манзилда тинтув тергов ҳаракатлари амалга оширилди. Натижада, улардан $410 минг, турли кўринишдаги 21 дона сохта муҳр ва штамплар, компьютер техникалари ҳамда божхонага оид шубҳали ҳужжатлар ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди.
Фотосурат: ДХХ матбуот хизмати
Айни пайтда жиноий гуруҳ аъзоларига нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, уларнинг икки нафар етакчисига нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Шунингдек, тергов ҳаракатлари доирасида гуруҳ фаолиятига алоқадор бўлган бошқа шахсларни аниқлаш бўйича чора-тадбирлар кўрилмоқда.
2019 йили “Яллама” НЎПда жиноий схема фош этилганди. Гуруҳ аъзолари орасида божхона ходимлари ва юк транспортини пост орқали тез ўтказишни ваъда қилган бошқа фуқаролар ҳам бўлган.
2018 йилда эса “Анҳор” нашри чегаранинг Қозоғистон томонидан (Қонисбаев номидаги пост) ушбу НЎП муаммосига эътибор қаратганди. Ўшанда ҳайдовчилар 7 километрлик тиқилинчда 2-7 кунлаб туриши қайд этилганди.
Шарҳлар