Янги ташкил қилинган энергияни тежаш жамғармаси хўжалик субъектларининг энергетик аудити билан шуғулланади
Ўзбекистонда Тармоқлараро энергияни тежаш жамғармаси ташкил қилинмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон президентининг “Иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини ошириш ва мавжуд ресурсларни жалб этиш орқали иқтисодиёт тармоқларининг ёқилғи-энергетика маҳсулотларига қарамлигини камайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида сўз боради.
Жамғарма маблағлари давлат улуши бўйича дивидендлар ҳисобига нефть-газ ва электр энергетикаси тармоқлари корхоналарининг соф фойдасидан 5 фоиз миқдоридаги ўтказмалар; энергияни меъёрдан ортиқча истеъмол қилганлик учун корхоналарга қўлланиладиган оширилган тарифлардан тушумлар; халқаро молия институтларининг грантлари ва кредитлари ҳамда донор ташкилотлари маблағлари ҳисобидан шакллантиради.
Жамғарманинг вазифалари:
– бинолар ва кўп квартирали уйларда энергия самарадор технологиялар ва тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини жорий этган ҳолда уларнинг энергия самарадорлигини ошириш, шу жумладан, иссиқлик ҳимоясини яхшилаш бўйича лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асосланишини тайёрлашни молиялаштириш, шунингдек, энергия аудитини ўтказиш;
– энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ҳамда қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш йўналишида мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича ўқув марказлари ташкил этиш (бино ва иншоотларни қуришдан ташқари) ва семинарлар ўтказиш;
– қайта тикланувчи энергия манбаларининг қурилмалари, иссиқлик насослари, рекуператорлар, реактив қувватни тикловчи қурилмалар (конденсатор батареялари), реле ҳимояси учун микропроцессор блоклари, частотали ўзгартиргичлар ва бир текис ишга тушириш қурилмаларини ишлаб чиқариш бўйича стартап-лойиҳаларни молиялаштириш, ишлаб чиқариш корхоналарининг устав жамғармалари (капиталлари) ҳамда корхоналарнинг лойиҳаларини шакллантиришда иштирок этиш;
– хўжалик юритувчи субъектларда энергия аудити ўтказиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш.
Шарҳлар