Янгийўл туман ИИБ майори пора олаётганда қўлга тушди
Давлат хавфсизлик хизмати идоралари томонидан прокуратура ва Ички ишлар органлари билан ҳамкорликда 50 минг доллар пора олган ИИБ майорини қўлга олди. Бу ҳақда “Дарё” ДХХ матбуот хизматига таянган ҳолда хабар беради.
Маълумотларга кўра, Тошкент вилояти Янгийўл тумани ички ишлар бўлимининг майор унвонидаги масъул ходими маҳаллий фуқарони «Чинобод нефть база» МЧЖнинг филиалларидан бирига раҳбарликка тайинланишида ёрдам беришини айтиб, бунинг учун ундан 50 минг АҚШ доллари талаб қилган.
Ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида ИИБ ходими келишилган пулдан 10 минг АҚШ долларини Тошкент шаҳрида жойлашган Ички ишлар вазирлиги марказий госпитали ёнида олаётган вақтида ушланган.
Ҳозирда аниқланган барча ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари доирасида ушбу ноқонуний ишларга алоқадор бўлган шахсларни аниқлаш бўйича тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Бизни Facebook да кузатиб боринг
Шарҳлар