Яқин уч йил ичида қайси компаниялар от спортини ривожлантириш билан шуғулланади

Universal Jumping Agro, O‘zbegim otlari ва Oltin Taqa Qo‘shuv  масъулияти чекланган жамиятларининг йилқичилик ва от спорти мажмуалари кейинги уч йил давомида республикада зотдор отларни етиштириш ва от спортини ривожлантириш бўйича ўқув-машқ базаси функциясини бажаради. Бу ҳақда президент қарорида сўз боради.
 
Булар қайси компаниялар?
 
Спорт мажмуасини қуриш билан шуғулланадиган Universal Jumping Agro компаниясининг асосий фаолияти туя ва ўркачлиларни кўпайтиришдир. Устав капитали 820 миллион сўмни ташкил этади. Таъсисчиси – Алаев Шимон (100%).

Oltin Taqa Qo‘shuv республикада зотли отларни кўпайтириш ва от спортини ривожлантириш учун ўқув базаси сифатида ишлайди. Компаниянинг устав капитали 73,4 млрд. сўм. Асосий фаолият турли хил маиший электр маҳсулотларнинг улгуржи савдоси. Таъсисчиси – Исмоилов Аваз Хамитович (100%). Аваз Исмоилов от спорти федерацияси раисининг ўринбосари бўлган.

Ўқув базаси бўлиб хизмат қиладиган яна бир компания – O‘zbegim otlari. 2017 йил июл ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев фермер хўжалигига ташриф буюрганди. "O‘zbegim otlari " МЧЖ таъсисчиси сифатида Oltin Taqa Qo‘shuv (58,1%) ва Ўзбекистон Миллий банки (41,9%) кўрсатилган.

Компаниянинг раҳбари Агзамжон Исмоилов Аваз ўгли (эҳтимол Аваз Исмоиловнинг ўғли).

Компаниянинг устав капитали 124 миллиард сўмни ташкил этади, асосий фаолияти от боқишдан иборат.
 
Universal Jumping Agro нима билан шуғулланади
 
Тошкент вилоятининг Қибрай туманида от спорти билан шуғулланиш учун кўп функционал спорт мажмуаси қурилади. Universal Jumping Agro МЧЖ 2021-2022 йилларда “Мевазор” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида қурилиш ишлари билан шуғулланади. Ҳужжатда спорт мажмуасидан ташқари маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун дам олишни ташкил этишмақсадида ёпиқ сузиш ҳавзаси, меҳмонхона, даволаниш ва соғломлаштириш масканлари, савдо, кўнгил очиш ва дам олиш учун инфратузилма, автотураргоҳлар, отчопар, стадион, енгил атлетика майдончалари ва бошқа объектлар барпо этилиши белгиланган. Тошкент вилояти ҳокимлигига Кадастр агентлиги билан биргаликда ўн кун муддат ичида инвесторга зарур ер майдонини ажратиб бериш топширилди.
 
Инвестор инвестиция лойиҳасини амалга оширишда қуйидагиларни ўз зиммасига олади:
 
– ажратилган ер майдонига камида 10 миллион доллар жалб қилиш орқали, ундан 7 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестор томонидан ўз фаолияти турини ўн йил давомида сақлаш шарти билан тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар, камида 150 ўринли уч юлдузли меҳмонхона, даволаш ва дам олиш масканлари, спорт ва зотли отлар учун ветеринария клиникасини, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, автотураргоҳлар, савдо-кўнгилочар ва дам олиш тузилмасининг бошқа объектларини қуриш;
 
– ишлаб чиқилган лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида 2021–2022 йилларда маълум инвестиция фондларини тўлиқ ўзлаштириш ва объектларни фойдаланишга топшириш;
 
– камида 150 янги иш ўринларини яратиш.
 
Инвестор, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ва Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси томонидан тақдим этилган рўйхатларга мувофиқ, 2022-2025 йилларда:
 
– от спорти ва бешкураш терма жамоалартнинг спортчилари бепул шуғулланишлари учун етарли  шароитларни яратади;
 
– Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган рўйхатлар асосида ижара ҳақини олмасдан республика ва халқаро даражадаги спорт тадбирларини ўтказади;
 
– 25 нафар ёш спортчиларнинг (чавандозларнинг) ҳар йили бепул малака оширишлари учун шароит яратади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.