ЮНИСЕФ Жаҳон иммунизация ҳафталиги доирасида болаларни эмлашга чақирмоқда

Жаҳон иммунизация ҳафталиги давомида ЮНИCEФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси COVID-19 боис режали эмлашларда юзага келган катта узилишларга қарамай, юқори даражадаги иммунизация қамровини сақлаб қолганлиги билан Ўзбекистон ҳукуматини табриклайди, ҳамда ўзларини хавфли касалликлардан ҳимоя қилишлари учун бутун мамлакат бўйлаб катталарни эмлашга ундайди. Бу ҳақда Anhor.uz нашрига ЮНИСЕФ ваколатхонаси маълум қилади.

ЮНИСЕФнинг қайд этишича, Ўзбекистон болаларни касалликларга қарши эмлашда катта ютуқларга эришди. Шу билан бирга, ҳали иммунизация хизматлари ва вакциналарни бошқариш соҳасини рақамлаштириш, қизамиқ ва полиомиелит сингари ўта хавфли касалликларнинг авж олиши эҳтимолини бартараф этиш бўйича ишларни давом эттириш зарурати мавжуд.

«Ўзбекистон болаларни иммунизация билан қамраб олишнинг юқори бўлган 98% қамровни таъминлашга эришишда узоқ йўлни босиб ўтди. Ўсиб келаётган авлод кучли ва соғлом бўлиши учун барча болаларни ҳаётий зарур бўлган вакциналар билан таъминлаш бўйича ушбу хайрли ишни давом эттиришимиз керак,» – дейди ЮНИCEФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде. "Биз COVID-19 вакцинасининг янада кенгроқ тарқалишини кутиб, катталарни бу касалликка қарши эмланишга чорлар эканмиз, фарзандларимизни бошқа юқумли касалликларга қарши мунтазам равишда эмлатиш зарурлигини унутмаслигимиз керак», – дея таъкидлайди у.

Сўнгги 3 йил давомида мамлакат, вилоят ва туман миқёсларида вакциналар омборхоналари қуриш, совуқлиқ хоналарини жиҳозлаш, совутгичлар ва музлатгичлар ҳамда вакциналарни ташиш учун транспорт воситаларини сотиб олиш, шунингдек вакциналар логистикаси бошқарув тизимни ишлаб чиқиш учун ЮНИCEФ ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда Миллий иммунизация дастурини қўллаб-қувватлашга деярли 20 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя киритди.

Ҳар йили апрель ойининг сўнгги ҳафтасида нишонланадиган Жаҳон иммунизация ҳафталиги барча ёшдаги одамларни касалликлардан ҳимоя қилиш учун вакциналардан фойдаланишни тарғиб қилишга қаратилган. 2021 йилда "Вакциналар бизни яқинлаштиради" шиори остида ўтказилаётган ҳафталик ҳамма ерда, ҳар бир инсоннинг бутун ҳаёти давомида соғлиғи ва фаровонлигини оширишда иммунизациянинг аҳамиятини тарғиб қилиш учун бутун дунё бўйлаб барчани иммунизацияда фаолроқ иштирок этишга ундайди.

Фотосурат: ЮНИСЕФ
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.