Жамоатчилик кенгашининг Тошкентнинг логотипи тўғрисидаги баёноти

Жамоатчилик кенгашининг Тошкентнинг логотипи тўғрисидаги баёноти

Бугун турли оммавий ахборот воситаларида Тошкент шаҳрида Туризмни ривожлантириш Департаменти тақдим этган, Тошкент шаҳрининг туристик логотипи тасдиқлангани тўғрисида хабарлар пайдо бўлди.

Жамоатчилик кенгашининг ушбу логотипни ишлаб чиқиш ва келишишга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Бизда мавжуд маълумотларга кўра, бу логотип шаҳар бренди ҳисобланмайди.
 
Тошкент шаҳри Ҳокими топшириғи билан бизнинг экспертларимиз томонидан Тошкент шаҳри бренди ва гербини яратиш бўйича танлов ташкиллаштириш бўйича катта ишлар амалга оширилган. Уч ой давомида бренд-платформани яратиш учун маълумотларни тўплаш ва анализ қилиш ишлари олиб борилган. Сентябрь ойида Жамоатчилик кенгашида бренд-платформа тақдим этилган бўлиб, айнан унинг асосида шаҳар бренди яратилади ва ривожлантирилади.
 
Октябрь ойи бошида воркшоп-семинар ўтказилиб, унга шаҳар бренди логотипини ишлаб чиқиш танловида иштирок этишни истаган дизайнерлар таклиф этилган. Тадбирда шаҳар бренди қўлланиладиган соҳалар ва бренд-платформа ривожланишига оид маълумотлар тақдим этилган.
 
Танловга аризалар 31 октябргача қабул қилинган. Тадбирда маҳаллий дизайнерлар билан бир қаторда, чет эллик дизайнерлар ҳам иштирок этишган.
 
Ноябрь ойида 10 кишидан иборат танлов комиссияси тўртта финалчини танлади. Ишларни баҳолаш, учта йўналишда уларга баҳо қўйиш йўли билан ўтказилган. 

Финалга чиққан ишлар презентация кўринишида Тошкент шаҳри ҳокимиятига тақдим этилган.
 
Биз ҳокимият дизайн, маркетинг ва оммалаштириш соҳаларининг профессионалларидан иборат ҳайъат аъзоларининг фикрларига таянган ҳолда, шаҳар брендига айланадиган энг яхши вариантни танлайди деган умиддамиз.
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.