Жамол Махсудов Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирининг ўринбосари этиб тайинланди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 июлдаги ПҚ-3128-сон қарорига мувофиқ Махсудов Жамол Тиллоевич Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг ўринбосари лавозимига тайинланди.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг сайти хабар беради.
Жамол Махсудов 1972 йилда Бухоро вилоятининг Пешку туманида туғилган. 1994 йилда Тошкент электротехника институтини “Электралоқа муҳандиси” мутахассислиги бўйича тамомлаган. Аспирантурада таҳсил олиб, беш йилдан сўнг техника фанлари номзоди даражасини олган.
1996-1997 йилларда “Ўзбектелеком” концерни Алоқа тармоқларини режалаштириш, модернизациялаш ва ривожлантириш бўлимида етакчи муҳандис лавозимида ишлаган. 2000-2002 йилларда “Ўзимпексалоқа” ОАЖда консультатив гуруҳ бош мутахассиси сифатида фаолият юритган.
2008 йилга қадар Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг Ахборот технологиялари ва хизматлари бўлими бошлиғи лавозимида ишлайди.
2008 йилдан “Ўзбектелеком” АК Бош директорининг биринчи ўринбосари, кейин эса “Ўзбектелеком” компаниясининг “Телекоммуникациялар ва ходимларни ривожлантириш маркази” филиали директори лавозимида фаолият кўрсатган.
Шарҳлар