Жанубий Корея компанияси Самарқанд вилоятида 800 млн долларлик гольф-мажмуаси қуриш режалаштирмоқда

Ўзбекистоннинг Корея Республикасидаги элчиси Виталий Фен Жанубий Кореянинг Hanshin Engineering & Construction Co., Ltd компанияси раиси  Чои Ëнг Сон билан учрашди, дея хабар беради “Дунё”.


 
Учрашувда Самарқанд вилоятида умумий қиймати 800 млн АҚШ доллари бўлган халқаро тоифадаги гольф-мажмуасини яратиш лойиҳаси муҳокама қилинди.

Лойиҳани 270 гектар майдонда амалга ошириш кўзда тутилган, шундан гольф майдони ва ташриф буюрувчилар учун турар жой бинолари 194 гектарни, халқаро мактаб 6 гектарни, савдо-кўнгилочар ва кўргазма мажмуаси 7 гектарни, замонавий кўп қаватли турар-жой мажмуаси — 55 гектарни ва унга қўшни бошқа инфратузилмалар эгалламоқда.

Лойиҳанинг концепцияси 2019 йил ноябрь ойида Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов ва Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига тақдим этилди. Hanshin Engineering & Construction қурилиш ишларини бошлаш учун жавобни кутмоқда.

Шунингдек Жанубий Корея компаниясининг раҳбари “Қўқон-сити” ҳудудида кўп хонадонли тураржой мажмуалари қурилиши муҳокама қилинаётганини ҳам билдирди.
 
Ноябрь ойида Hanshin Engineering & Construction компаниясининг делегацияси Фарғона вилоятига ташриф буюрганди. У ерда ички уй-жой бозоридаги вазият батафсил ўрганилиб, қурилиш материаллари етказиб берувчилари, лойиҳалаш институтлари билан учрашувлар ўтказилган, шунингдек, лойиҳа учун ажратилган майдон кўздан кечирилган.

Ушбу лойиҳаларни тўғридан-тўғри инвестициялар ҳисобидан амалга ошириш режалаштирмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.