Жиззах вилоятида аёл киши консервадан заҳарланиб ҳаётдан кўз юмди

Жиззах вилоятининг Дўстлик туманида яшовчи бир оиланинг 3 нафар аъзоси уй шароитида тайёрланган консервадан заҳарланди, деб ёзади “Газета” нашри «Замон» информацион дастури маълумотларига таянган ҳолда.
 
Оила бошлиғи А.Ғ.нинг таъкидлашича, унинг ўғли ва келини кечки овқатга колбаса ва тухум қовуриб, уй шароитида консерваланган помидор истеъмол қилган. Шу куни кечаси келинининг тоби қочиб, ўзини ёмон ҳис қила бошлаган. Шундан сўнг оила аъзолари тез ёрдам чақириб, уни «Дўстлик» тиббиёт бирлашмаси юқумли касалликлар бўлимига олиб борган.

Шифокорнинг сўзларига қараганда, 1995 йилда туғилган Х.Ғ. шифохонага олиб келинганида жуда ҳолсиз ва сўзлаша олмайдиган ҳолатда бўлган.

«Бемор шифохонага олиб келинганида, ботулизм аломатлари яққол кузатилиб турган эди. Лекин колбаса еганидан бошқа нарсани айтмади. Кейин эри ҳам помидордан егани маълум бўлди. Шундан кейин улар помидор консервасини еганини айтди. Аниқласак, уларнинг отаси ҳам консерва маҳсулотини истеъмол қилган экан. Уни ҳам шифохонага олиб келиб ётқиздик», — дейди шифокор.

Таъкидланишича, беморлар шифохонага келиши билан керакли муолажалар қилинган. Аммо хонадоннинг 26 ёшли келини кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамай вафот этган. Шифокорнинг айтишича, марҳума заҳарлангандан сўнг 1,5 кун давомида шифокорларга мурожаат қилмаган.

Аввалроқ Самарқандда 5 киши помидор консервадан заҳарлангани ва улардан бирининг вафот этгани ҳақида хабар қилинган эди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.