Жиззахда коронавирус тарқалиши ҳақида асоссиз маълумот тарқатган шахсга суд ҳукми ўқилди

Жиззахда коронавирус тарқалиши ҳақида асоссиз маълумот тарқатган шахсга суд ҳукми ўқилди

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Жиззах вилоятида коронавирусга чалинган прокуратура ходими ва унинг оила аъзолари билан мулоқотда бўлган шифокор беморларни қабул қилишни давом эттираётгани сабабли тегишли чора кўриш кераклиги ҳақидаги аудиоёзувлар тарқатган шахс қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди. Sangzor.uz нашрининг ёзишича, ушбу шахсга суд ҳукми ўқилган.

Маълум қилинишича, А.Ж. исмли шахс Коронавирус тезкор штаб ходимига бир прокурор ўз ваколатини суиистеъмол қилган ҳолда оила аъзоларини карантинли шифохонага ётқизмасдан Республика шошилинч тез ёрдам илмий маркази Жиззах филиалига олиб борганлигини, у ерда уларни тиббий кўрикдан ўтказган «Соғлиқ» хусусий шифохонасининг шифокори Номозов Али Валиевич шифохонага бошқа касалликлар билан мурожаат қилган беморларни ҳам қабул қилиб келаётганлиги ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни маълум қилган эди. Навбатчи Н.Ниятовга унга нисбатан тегишли чора кўриш кераклигини, акс ҳолда тегишли идораларга ўзи мурожаат қилишини айтиб, ушбу суҳбат жараёнини ўзининг телефонига ёзиб олган.

А.Ж. ўша вақтнинг ўзида Жиззах вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик марказининг телефон рақамига ҳам қўнғироқ қилиб, марказнинг навбатчи шифокори У.Усаров ва навбатчи ҳамшираси С.Солиеваларга ҳам «Соғлиқ» хусусий шифохонасида ишловчи врач ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни айтиб, улар билан бўлиб ўтаётган суҳбат жараёни ёзиб олинган аудиоёзувни интернет орқали тарқатиб юборишини маълум қилган.

Аслида «Соғлиқ» хусусий шифохонасини ва шу шифохонада ишловчи шифокор Номозов Али Валиевич инсон учун хавфли бўлган коронавирус инфекциясини юқтириб олган беморларни тиббий кўрикдан ўтказмаган бўлиб, ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотлар ёзилган иккита аудиоёзув шу куннинг ўзида Telegram ижтимоий тармоғи орқали тарқатиб юборилган.

Мазкур ҳолат юзасидан 9 апрель куни фуқаро А.Ж.га нисбатан Жиноят кодексининг 244-5-моддаси (карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари бошланган.
Суд жазони енгиллаштирувчи ҳолатларни ҳамда судланувчи А.Ж.нинг яшаш жойи бўйича маҳалла фуқаролари йиғини томонидан унга ижобий тавсифнома, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлаш бўйича илтимоснома ва кафолат хати тақдим этилганлигини инобатга олиб, уни Жиноят кодекси 244-5- моддасининг 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топиб, Жиноят кодексининг 62-моддасига асосан 1 йил 9 ой 21 кун ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлади. А.Ж. дарҳол суд залида қамоқдан озод қилинди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.