Жиззахда ўқувчи қиз дарс пайтида вафот этди

Жиззахда ўқувчи қиз дарс пайтида вафот этди

Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманидаги 11-умумтаълим мактабида ўқув йили бошланишининг биринчи кунида, шу мактабнинг 9-синф ўқувчиси дарс вақтида тўсатдан вафот этди. Бу ҳақда “Замон” информацион дастурида маълум қилинди, деб ёзади Uznews.uz нашри.
 
МАълумотларга кўра, ҳодиса 3-соат, информатика дарсида юз берган. Дарс тугашига 15 дақиқа қолганида ўқувчи хушидан кетган.
 
Мактаб директори ўринбосари Дилноза Ҳатамова дарс вақтида вафот этган 9-“В” синф ўқувчиси эрталаб мактабга келганида жуда яхши ҳолатда бўлгани шунингдек, тана ҳарорати ҳам жойида бўлганини маълум қилди. Барча ўқувчилар қаторида у ҳам антисептик воситалар билан зарарсизлантирилган.
 
Шу куни 1-синф ўқувчиларини эмлаш учун мактабга келган Хаваслик қишлоқ врачлик пункти шифокорлари хушидан кетган ўқувчи қизга биринчи ёрдам кўрсатган. Қизда ҳаёт учун ҳеч қандай белги кўринмаган бўлса-да, унга ўпка-юрак реанимациясини амалга оширилган. 15 дақиқалик реанимация ҳаракатидан кейин ҳам беморда ҳаёт белгилари тикланмаган. Бундан ташқари, ўқувчи қизга ташқи юрак массажи қилинган ва сунъий нафас бериб, биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган. Аммо бу ҳам фойда бермаган.
 
Қайд этилишича, айни вақтда ўқувчи қизнинг тўсатдан вафот этиши юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан суриштирув ва экспертиза ишлари олиб борилмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.