Президент қароргоҳи учун дарпардалар ва уларнинг безаклари қанчага тушмоқда
Биз ўтган йили Akfa Dream World МЧЖ “Кўксарой” қароргоҳига 400 млн сўмлик егулик етказиб бергани ҳақида ёзгандик. Шартнома 23 мартда тузилган бўлиб, 40 кунга мўлжалланган эди. Шунингдек, ўтган йили президент қароргоҳига яна иккита компания – Truffo Group МЧЖ (шартномаларнинг умумий қиймати – 385 млн сўм) ва Unifood МЧЖ (467,4 млн сўм) ҳам егулик етказиб берган.
Март ва май ойларида Akfa Dream World МЧЖ билан егулик етказиб беришга қарийб 900 млн сўмлик яна бир нечта шартнома тузилган.
Ёнғин сигнализацияси, вентиляция ва чиқиндиларни олиб чиқиш
Air-Prom-Technology МЧЖ 2020 йил январь ойидан декабрь ойигача қароргоҳда совутиш ва ҳавони кондиционерлаш тизимларига техник хизмат кўрсатиш бўйича 265,6 млн сўмлик хизмат кўрсатган.
Техник хизмат кўрсатиш ишлари ойда бир марта амалга оширилади. Хизматлар орасида совутиш машиналари бўйича хизматлар ҳам бор: истеъмол қилинаётоган ток ва кучланиш қийматларини текшириш, механика элементларини текшириш ва бошқалар.
Компания жами 12 та совутиш машинасига, 11 та марказий кондиционерга, 11 та автоматлаштириш тизимига, 302 та фанкойлга, 9 та каналли типдаги кондиционерга ва 10 та кассета типидаги кондиционерга, битта ҳавони қуритиш қурилмасига, 3 та буғ билан намлантирувчи қурилмага ва бошқаларга техник хизмат кўрсатади. Давлат харидлари порталининг маълумотларига кўра, ушбу хизматлар 2-корпусда (апартаментлар), 3-корпусда (3 қаватли меҳмонхона), 4-корпусда (конгресс-холл), 5-корпусда (5 қаватли меҳмонхона) кўрсатилган.
Кўксарой мажмуасининг ёнғин сигнализацияси билан Yunit-Alyans МЧЖ шуғулланган. 2020 йил 1 апрелдаги шартнома 12 ойга мўлжалланган бўлиб, қиймати 135,2 млн сўмни ташкил қилади.
Чиқиндиларни олиб чиқиш қиймати 12 ой учун 813,8 метр куб чиқиндига 50,5 млн сўмни ташкил қилган. Давлат харидлари порталининг маълумотларига кўра, бу билан “Махсустранс” корхонасининг Мирзо Улуғбек туман филиали шуғулланган.
Мажмуани қўриқлаш ва лифтларга техник хизмат кўрсатиш
2020 йил июль ойидан декабрь ойигача Vinland МЧЖ 136 млн сўмлик хизматларни кўрсатган. Шартномага кўра, ижрочи видеокузатув, ташқи, катта ва кичик периметрни қўриқлаш сигнализацияси, дарвозаларни очиш механизмлари, йўл тўсиқлари бўйича мажбуриятларни ўз зиммасига олган.
Шунингдек шартномага ТВ-камераларга, мониторлар, видеокамералар, инфрақизил датчиклар ва лазерли детекторлар, ишчи станцияларга техник хизмат кўрсатиш ишлари ҳам киритилган.
2020 йил 1 апрелдаги шартномага мувофиқ Lift Spets МЧЖ лифтларга техник хизмат кўрсатиш билан шуғулланган. Шартноманинг бир ойлик суммаси 8 млн сўмни, 12 ой учун умумий сумма эса 96 млн сўмни (ҚҚС билан) ташкил қилади.
Дарпардалар ва парда безаклари
2020 йил 8 апрелда “Кўксарой қароргоҳи” давлат муассасаси Eclass МЧЖ билан турли ўчамдаги бешта дарпарда, тўртта шокила ва уларни ушлаб турадиган 8 та мослама, битта ламбрекен, иккита дастурхон етказиб беришга 33,6 млн сўмлик шартнома тузган.
Фотосурат иллюстратив: ушбу буюмларни қароргоҳга етказиб берган Eclass сайтидан олинган
Шу тариқа, очиқ манбалардан олинган барча шартномалар суммасини қўшган ҳолда, президент қароргоҳини юқоридаги позициялар бўйича сақлаш 2,81 млрд сўмга тушаётганини айтиш мумкин.
Шарҳлар