Ашхабодда ҳаммаси тинчлик билан якунланди
Бошқача бўлиши ҳам мумкин эди… 11 октябрь куни Ашхабодда якунланган МДҲ етакчилари саммити Ҳамдўстлик билан ўзаро ҳамкорликдаги савдо-иқтисодий ва ижтимоий соҳалар, ташқи сиёсат ва хавфсизлик соҳасиларидаги фаолиятга якун ясади.
Ўзбекистон ОАВ саммит жараёнини, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ашхабоддаги муҳим учрашувлари ва суҳбатларини диққат билан кузатиб борди – anhor.uz бу хабарларни тўлдириб ўтирмайди. Биз саммит “майдонларида” нималар бўлгани, унинг якунларига нималар таъсир қилишига сал қолгани ҳақида ҳикоя қиламиз. Саммитнинг ижобий якуни – бу Ўзбекистон делегацияси позициясининг ҳам натижаси эканини кўрсатиб ўтирмаймиз. Дипломатлар сўнгги икки йил ичида мамлакатимиз яна бир бор ҳар қандай “ўлчамдаги” низоларни бартараф этиш истаги ва қобилиятини кўрсата олганига гувоҳ бўлишди.
«Ҳурматли ўртоқлар!» – деб бошлади ўзининг кириш сўзини саммит мезбони Гурбангули Бердимухамедов. Ҳашаматли стол атрофида ўтирган саммит иштирокчилари бир-бирига қараб қўйишди: постсовет ҳудудида анчадан буён уларга бундай мурожаат қилишмаганди. Умуман олганда эса, давлатининг байроғи совет иттифоқиникини эслатадиган Александр Лукашенко мамнунлик билан жилмайиб қўйди: “Демак, бизникилар шаҳарда!”.
Кенгашда иштирокчилар алифбо бўйича сўзга чиқишга қарор қилишди. Яъни биринчи бўлиб президент Илҳом Алиев ва бош вазир Никол Пашинян гапирди. Стол атрофида ҳам улар ёнма-ён (алифбо бўйича) ўтиришди, аммо уларнинг нутқи пайтида кўпчилик бундай қўшничиликдан пушаймон бўлди. Ахир, бу ерда қандай “ўртоқлар” бўлиши мумкин… Кавказортининг қизиққон сиёсатчилари оз бўлса… Ушбу мамлакатларнинг миллий қаҳрамонларидан қайси бири гитлерчилар билан ҳамкорлик қилгани, ким фашист бўлгани ҳақида сўз юрита бошлади… Залда яққол кескин муҳит юзага келди. Худога шукур, ҳаммаси яхши якун топди.
Кенгаш танаффус қилган пайтда жанжалга етолмаган журналистлар бошқа бир қизиқ воқеани, яъни бу йил Туркманистон қандай қилиб МДҲда раисликка эга бўлганини эсга олишди.
Расмий Ашхабод 2005 йилда Туркманистоннинг доимий нейтрал мақомига ишора қилган ҳолда ўзининг МДҲ тузилмасида бор-йўғи уюшган аъзо сифатида қатнашиши ҳақида қарор қабул қилганди. 1999 йили Туркманистон МДҲ мамлакатлари билан визасиз режим ҳақидаги келишувдан чиққанди. Шундай экан, ушбу “доимий нейтрал” мамлакатга раислик мақоми қандайдир бир мукофот сифатида берилганди.
Ўзбекистонлик иштирокчилар учун Эмомали Раҳмоннинг Гурбангули Бердимухамедов билан жуда муҳим, юзма-юз суҳбати нима билан якунланиши ҳам жуда қизиқарли эди. Чунки муаммо бизнинг мамлакатимиз билан боғлиқ эди.
Гап шундаки, Ашхабод ўз чегарасидан Тожикистонга йўл олаётган машиналарни ўтказмайди. Бунда у яна бир қўшни мамлакатни ҳам айблаяпти (ҳарҳолда туркман журналистлари шундай дейишмоқда). Туркманлар Ўзбекистонни бир четга сурган ҳолда қурилаётган Тожикистон-Афғонистон-Туркманистон темир йўл лойиҳасига катта маблағ йўналтирган. Туркманистон томони ҳатто йўлнинг ўз қисмини қуриб битказишга ҳам улгурди, тожиклар эса йўлнинг ўзларига тегишли қисмини ҳали бошлаганича йўқ. Ўзбекистон президентининг саъй-ҳаракатлари туфайли уларнинг мамлакатимиз билан муносабатлари яна изга тушди. Вазият ўзгариши муносабати билан энди Тожикистонда Афғонистон орқали темир йўл қурилишига ҳаддан ташқари танқис маблағларни йўналтириш зарурати қолмади.
Афғонистондаги вазиятни ҳисобга оладиган бўлсак, бу лойиҳани қўллаб-қувватлайдиган инвесторлар топилиши даргумон. Энди иккита вариант бор, холос: темир йўлнинг Туркманистондан ўтадиган қисмини консервациялаш керак ёки ушбу лойиҳани Туркманистон-Афғонистон йўлига айлантириш лозим. Аммо агар Ўзбекистон-Афғонистон чегарасида барқарорлик қийинчилик билан ушлаб турилган бўлса, унда Туркманистон чегараси яқинида доимий жанглар бўлиб турибди. Бундай вазиятда қурилиш ҳақида гапирмаса ҳам бўлади…
Шунга қарамасдан, бу вазият ҳал бўлиши ҳам мумкин. Худди бошқалари сингари. Ахир МДҲ аъзолари Стратегик иқтисодий ҳамкорлик ҳақидаги декларацияни бежиз имзолагани йўқ. Ушбу ҳужжат доирасида муваффақиятсизликка учраган темир йўл қурилишининг тақдири анча истиқболли бўлиб кўринмоқда, бунинг устига бу борада Ўзбекистон томоннинг қизиқарли фикри бор.
Шунингдек Улуғ Ватан урушидаги Ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан МДҲ мамлакатлари халқларига ва жаҳон ҳамжамиятига мурожаат имзоланди. Ушбу мурожаат МДҲ мамлакатлари СССРнинг фашистлар Германиясини тор-мор қилишдаги ҳал қилувчи ролини якдиллик билан тан олишини намойиш этишга чақирилган.
Президентлар МДҲ ижрочи котиби Сергей Лебедевнинг ваколатларини яна уч йилга узайтиришга қарор қилишди. У келаси йили Ҳамдўстлик раислиги Ўзбекистонга ўтишини маълум қилди: “Ўзбекистон Республикаси раҳбарияти навбатдаги давлатлар раҳбарлари кенгаши мажлисини 2020 йил 16 октябрда Тошкентда ўтказишни таклиф қилмоқда”.
Жаноб Лебедевнинг сўзларига кўра, тадбир концепцияси ва режаси Ўзбекистон томонидан МДҲ Ижроия қўмитаси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган: “Улар МДҲ доирасида ўзаро ҳамкорликни янада ва кўп томонлама ривожлантиришга йўналтирилган бўлиб, ворислик тамойилларига асосланади”.
Шунингдек “2020-2022 йилларда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатларнинг терроризмга ва экстремизмнинг бошқа турларига қарши курашиш соҳасида ҳамкорлик дастури тўғрисида” қарор қабул қилинди ва озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни ижросини бериш тўғрисидаги МДҲ конвенцияси ҳам имзоланди.
Юрий Черногаев
Шарҳлар