ОАВ: МТС Ўзбекистонга 2014 йил охирида қайтади

ОАВ: МТС Ўзбекистонга 2014 йил охирида қайтади

Россиянинг МТС компанияси Ўзбекистон ҳукумати билан республикадаги фаолиятини тиклаш шартларини узил-кесил мувофиқлаштириб олди, дея хабар беради Интерфакс, ўз манбаларига таянган ҳолда. Россия компанияси ўз фаолиятини шу йил охиригача тиклаши кутилмоқда.

 «Ўтган шанба куни Тошкентда МТС раҳбарияти билан музокаралар якунланиб, уларда Россия компаниясининг Ўзбекистон уяли алоқа бозорига қайтиши шартлари билан боғлиқ барча мунозарали масалалар ҳал этилди», – дейди агентликнинг суҳбатдоши.

Унинг сўзларига кўра, ҳозир МТС бренди остида уяли алоқа хизматларини тақдим этувчи янги операторлик компанияси – МТС ва Ўзбекистон томони қўшма корхонасини ташкил этиш билан боғлиқ таъсис ҳужжатларини тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда. Келишувнинг бошқа шартларига аниқлик киритилмаган.

Эслатиб ўтамиз, 25 июнь куни Ўзбекистон ҳукумати МТСнинг Ўзбекистондаги фаолиятини тиклаш тўғрисида ижобий қарорни қабул қилган эди.
 
МТСнинг Ўзбекистонга қайтиши ҳақидаги янгиликлар 2014 йил апрелидан пайдо бўла бошлаганди. Ўшанда МТСнинг Ўзбекистонга нисбатан берган даъво аризасини кўриб чиқиш Жаҳон банки ҳузуридаги халқаро трибуналда томонларнинг келишувига биноан тўхтатилгани маълум бўлди.  Май ойида “Система” компаниясининг асосий хўжайини Владимир Евтушенков холдингга кирувчи МТС компанияси Ўзбекистонга қайтишни режалаштираётганини билдирди. Ўзбекистон ҳукумати томонидан расмий изоҳ олишга муваффақ бўлинмади.

Маълумотнома:  2012 йили Ўзбекистон уяли алоқа бозорида етакчи бўлган “МТС-Ўзбекистон” компанияси (“Ўздунробита”)(абонентлар базаси 9,3 млн киши) лицензиядан маҳрум этилиб, банкрот сифатида тан олинган эди.

2013 йил январидаЎздунробитаҳокимият органлари томонидан билдирилган кўп сонли даъволардан кейин ўзини банкрот деб эълон қилади ва бу компания фаолиятининг тўхтатилишига ҳамда умумий қиймати 600 млн долларлик молиявий даъво билдирилиши ҳақидаги суд қарорига олиб келади. Тошкент шаҳар Хўжалик суди компанияга нисбатан тугатиш ишини бошлаган ҳолда уни банкрот деб тан олади. Компания активларини сотиш бўйича кимошди савдолари тайинланади, бироқ улар аризалар йўқлиги туфайли ўтказилмаган сифатида эътироф этилади.

2013 йил охирида “Ўздунробита” мулки сақлаб қўйиш учун “Ўзбектелеком” АКга топширилади. Шу йилнинг февраль ойида Ўзбекистон “Узмобайл” базасида миллий мобил алоқа операторини ташкил этиш ҳақида қарор қабул қилди. У LTE (4G тўртинчи авлод тармоғи) технологияларидан фойдаланган ҳолда GSM стандартида ишлайди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.