Энергетика вазирлигининг “ўйинлари”

Энергетика вазирлигининг “ўйинлари”

Ўзимизнинг ноёб маҳаллий илмий ишланмаларга нисбатан айрим амалдорларнинг муносабатини  масъулиятсизларча деб айтишдан иложимиз йўқ. Буни саноат корхоналарига электр энергиясини узлуксиз узатишни таъминлайдиган ва электр энергияси ҳамда миллиардлаб сўмларни тежайдиган тизимни жорий этишни таклиф қилган ўзбек олимларининг ишланмаси билан боғлиқ вазият яққол намойиш этмоқда.
 
2019 йил 2 июнь куни Anhor.uz сайтида «Миллиардлаб маблағларни тежайдиган ишланма нега жорий этилмаяпти» сарлавҳаси остида мақола чоп этилганди. Унда Энергетика вазирлиги маҳаллий ASU-Engineering мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган анча арзонга тушадиган, самарадорлиги ва ишончлилиги бўйича чет эл ишланмаларидан нафақат қолишмайдиган, балки улардан ҳам яхшироқ ишланмани жорий этмаётгани ҳақида сўз борганди.
 
Мақоладан кейин Энергетика вазирлиги оператив тарзда мутахассисларни таклиф қилди ва унча катта бўлмаган мажлисни ўтказди, аммо иш яна бюрократик мувофиқлаштириш ишлари доирасига тушиб қолди, сўнгра эса яна жимгина лоқайдликка маҳкум этилди. Ҳатто ушбу маҳаллий ишланмалар Президент ва ҳукумат қарорларига тушганидан кейин ҳам… Аммо келинг, ҳаммасини бир бошдан кўриб чиқайлик…
 
Республика электр тармоқлари (РЭТ) акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг ўринбосари Феруз Қурбонов мутахассисларнинг таклифлари ва далилларини тинглаб, иккита топшириқ беради. Биринчидан,  йирик саноат корхоналари ва РЭТ кичик станциялари учун электр энергиясини назорат қилиш ва ҳисобга олиш автомат тизими (ЭНҲАТ) бўйича таклифларни тайёрлаш. Иккинчидан, Жиззах шаҳар Ҳудудий электр тармоқлари корхонаси (ҲЭТК)га Оператив диспетчерлик бошқаруви автомат тизими (ОДБАТ)ни жорий этиш бўйича техник-иқтисодий асосни тайёрлашни таклиф қилди. Тушунтириб ўтамиз: агар трансформатор киоски тўсатдан куйиб қолса, ОДБАТ тизими электр энергиясини узатишнинг айланма йўлларини автомат яратиш имконини беради. Бир-икки сониядан кейин корхонада яна электр пайдо бўлади. 
 
РЭТ таклифни олгандан кейин уларни кўриб чиқиш учун учта ташкилотга юборди: Магистрал электр тармоқлари (МЭТ) АЖ, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги ЎзИнжиниринг институти ва “Энерготармоқлойиҳа” институти. Учала ташкилот ҳам ASU-Engineering таклифлари бўйича ижобий хулоса берди.
 
2019 йил 1 июлда МЭТ таклифларни жорий этишни тавсия қилган ҳолда РЭТга хат юборади. Ўз навбатида, Республика электр тармоқлари ЭНҲАТни жорий этиш ва мувофиқлаштириш масаласи бўйича дирекция раҳбари Ботир Алимовга сўров юборади. Қизиғи шундаки, ЭНҲАТ фақат электр энергиясининг сарфини ҳисоблайдиган ва назорат қиладиган тизим, ОДБАТ эса ундан кўра мураккаброқ ва кўп функцияли тизим. Шу боис келгусида ЭНҲАТ тизими ОДБАТга интеграцияланиши керак.
 
Кейин, кутилмаганда, ASU-Engineering муаллифларига кўламни ошириш ва Тошкент электр тармоқлари корхонаси (ТошшаҳарЭТК) учун ОДБАТ ишлаб чиқишни таклиф қилишади. Мана сизга, назаримда, Энергетика вазирлиги раҳбариятининг ўз соҳасини бошқаришга бўлган юзаки муносабатини намойиш этувчи кутилмаган совға: ASU-Engineering 2016 йили бўлиб ўтган инновациялар ярмаркасида ТошшаҳарЭТК учун ОДБАТ дастурий-техник мажмуини яратиш бўйича шартнома тузилганини РЭТга маълум қилади. Ушбу шартнома Инновациялар вазирлигининг Илғор технологиялар маркази кўмагида тўлиқ бажарилиб, 2017 йилдаёқ саноатда жорий этиш учун тайёр бўлган тажриба-саноат намунаси ҳам ишлаб чиқилади.
 
Бундан ташқари, ушбу ишланма ҳақида Ўзбекистон Президенти аппаратида билишади ва уни қўллаб-қувватлашмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 14 июлдаги 3855-сонли Қарорида ўзининг чет элдаги аналогларидан анча арзон ва самарали бўлган ASU-Engineering’нинг патентланган ишланмаларини жорий этиш кўзда тутилган.
 
Аммо, ҳозирги Ўзбекистонда бунисига энди ҳайрон қолмасаям бўлади, – Республика электр тармоқлари АЖ раисидан жавоб ҳамон олинганича йўқ.   
 
Гап-сўзларга қараганда, бу ишланмаларни маҳаллий муаллифлар эмас, балки чет эл компаниялари, яъни аллақандай Хитой компанияси ёки Хитой-Ўзбекистон ҚК жорий этармиш.
 
Бунга ишонмасликни ва бу шунчаки миш-мишлар бўлиб чиқишини жуда истардик. Бироқ ASU-Engineering томонидан бир неча марта юборилган сўровларга жавобан сукунат асосли равишда хавотирни уйғотмоқда. Наҳотки, яна хориж технологиясини уч баравар қимматга сотиб олсак, ёки маҳаллий муаллифларни бир чеккага суриб қўйиб, ишланмани бегона қўлларга топширишадими.
 
Президент ва ҳукумат, шубҳасиз, маҳаллий муаллифларни қўллаб-қувватламоқда, бироқ юқорида баён этилганлардан шу нарса маълумки, баъзи бир раҳбарлар буни тушунмаяпти ёки ўзбек фани ривожланиши ва унинг натижаларини ишлаб чиқаришга жорий этиш борасида бошқача назарга эга.
 
Ўзимизнинг ноёб маҳаллий илмий ишланмаларга нисбатан бундай муносабатни  масъулиятсизларча деб айтишдан бошқа иложимиз йўқ.
  
Мансур Ибрагимов

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.