2018 йил декабрь ойида Ўзбекистон аналогли телевидение билан хайрлашади
Ўзбекистонда 2018 йил декабрь ойи бошида ер усти аналогли телевидениеси ўз фаолиятини тўхтатади. Ҳукуматдаги манбанинг маълумотига кўра, аналогли сигналдан воз кечиш босқичма-босқич амалга оширилади. Шу мақсадда Вазирлар Маҳкамаси томонидан махсус жадвал тасдиқланган. Унга асосан аналогли сигнал Тошкент шаҳрида 2018 йил 15 июлгача, бутун республика бўйича эса 2018 йил 5 декабрда тўхтатилади.
Ҳозирги кунда рақамли телеузатишга енгил ўтиш учун биринчи бепул ва ҳаммабоп бўлган рақамли телеканаллар тўплами (мультиплекс) шаклланган бўлиб, у Миллий телерадиокомпания таркибига кирувчи 13 та канални ўз ичига олади. Булар: «Ўзбекистон», «Ёшлар», «Спорт», «Кинотеатр», UZ HD ва бошқалар. Шунингдек, унинг таркибига 7 та хусусий телеканал – Mening Yurtim, Caravan TV, UzReport TV, Zo'r TV HD, FUTBOL TV, Milliy TV, Zo'r TV киради.
Қарорда 2017 йил якунига қадар республиканинг барча аҳоли пунктлари рақамли телеузатмалар учун зарур 90 комплект катта ва 404 комплект кичик қувватли ускуналар билан таъминлаш ҳақида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига топшириқ берилди.
«Аналогли телеузатишни тўхтатиш оғриқсиз ўтказилади. Масалан, кам таъминланган оилалар ва пенсионерларга рақамли телевидение хизматларидан фойдаланиш учун керакли ускуналар, жумладан, телевизорлар, приставкалар ва бошқаларни харид қилиш учун имтиёзли истеъмол кредитларини тақдим этишни кенгайтириш тавсия этилади» — дейди суҳбатдош.
Бундан ташқари, рақамли телеузатиш хизматларидан фойдаланиш учун кенг имкониятлар бериш мақсадида хорижий сунъий йўлдошли алоқа сегментини ижарага олиш бўйича маблағлар ажратилади.
Жиҳозлар нархтни арзонлаштириш мақсадида келгуси 5 йил ичида 3 млн. дона рақамли телеузатиш қурилмасини ишлаб чиқариш ва йиғишни йўлга қўйиш борасида «Ўзэлтехсаноат» АКга топшириқ берилди.
Эслатиб ўтамиз, сал аввал рақамли телеузатиш тармоғини ривожлантириш мақсадида Япония халқаро ҳамкорлик банки ва бошқа қатор тижорат банклари томонидан Ўзбекистонга 62,5 млн. Доллар миқдорида кредит ажратилган эди.
Ушбу лойиҳани амалга ошириш учун Ўзбекистон томони Япониянинг Ogawa Seiki Co. Ltd компанияси билан 73,6 млн долларлик рақамли телеузатиш ускуналарини етказиб бериш бўйича шартнома имзоланган.
Манба: Спутник нашри
Фотосурат: Публика.уз
Шарҳлар