Ўзбекистонда тўртта янги илм-фан муассасаси очилади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси тузилмасини такомиллаштириш ҳамда республика академик фан ва олий таълим интеграциясини мустаҳкамлаш чоралари тўғрисида»ги қарори бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, мазкур чоралар доирасида тугатиладиган Шарқшунослик институти базасида Тошкент давлат шарқшунослик институти қошида Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқ қўлёзмалари маркази очилади. У қадимий Шарқ қўлёзмалари ва тарихий ҳужжатларни асраш, бир тизимга солиш ва қайта тиклаш ҳамда Ўзбекистонда сақланаётган ноёб қўлёзмалар электрон базасини яратиш билан шуғулланади.
Фанлар академиясининг яна бир институти — Полимерлар кимёси ва физикаси институти тугатилиб, унинг тадқиқотларини Ўзбекистон миллий университети қошидаги Полимерлар кимёси ва физикаси илмий-тадқиқот институти давом эттиради.
Шунингдек, Механика ва зилзилабардошлик институти ўрнига Тошкент давлат техника университети қошида Тармоқ машинасозлиги бўйича илмий-тадқиқот маркази ҳамда Фанлар академияси Зилзилабардошлик институти очилади, дея хабар беради Daryo.uz нашри “Uzbekistan Today”га таянган ҳолда.
Шарҳлар