Ўзбекистонлик мутахассислар фаол кальций цитратини олиш усулини ихтиро қилди
Ўзбекистонлик мутахассислар Рустам Раҳимов ва Владимир Ермаков фаол кальций цитратини олиш усулини ихтиро қилди. Бу ихтиро озиқ-овқат саноати, тиббиёт, биологик уставли моддаларни фармацевтик ишлаб чиқариш, айнан кальцийдан иборат фаол моддалар олишда муҳим аҳамиятга эга, дея хабар беради Ўзбекистон Интеллектуал мулк агентлигининг матбуот хизмати.
Фаол кальций ва магний цитрати кимёвий тоза лимон кислотасини сувда эритиш орқали олинади. Бунда кальций цитратини олиш учун кимёвий тоза кальций карбонати стехиометрик меъёридан 1-3% ортиқ миқдорда олинади. Барча босқич инфрақизил нурланиш таъсирида ўтказилади. Натижада, организмга яхши сингадиган, сувли аралашма ва қолдиққа бўлинмайдиган, ўз таркибида кальцийнинг тез сингадиган бирикмали яхшиланган фармакологик хусусиятли кальцийга эга стерил маҳсулот олишга эришилади.
Маълумки, инсон организми ҳар куни 1 граммдан кўпроқ кальций истеъмол қилиши керак. Ўшанда бошқа муҳим минералларга эҳтиёж минг марта камаяди. Фаол кальций организмнинг 90 фоиздан зиёд қисмига сўрилади ва қондаги зардобда кальцийни меъёрлаштиради.
Калций цитрати лимон кислотали кальций тузи деб номланади. Уни истеъмол қилиш организм суяк тўқималаридан кальцийни цитрат кўринишида ажратиб, меъёрни таъминлайди. Фақат кальций цитратигина суяк тўқималарида кальцийни сақлаб, уни тиклайди, остеопороз (суяк пишиқлигининг сусайиши)ни бартараф этишга ёрдам беради.
Шарҳлар