Ўзбекистонда TAS-IX тармоғининг тезлиги ортади
Шу йил охиригача Ўзбекистондаги TAS-IX тармоғини тубдан техник модернизация қилиш ишлари кутмоқда. Бу ҳақда Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси UZ24 таҳририятига юборган расмий хатида маълум қилади.
Модернизация ишлари Ўзбекистон операторлари ва провайдерлари орасидаги трафикнинг ўтказиш қобилиятини ва тезлигини оширади. 2013 йилда TAS-IX зонасида трафик алмашинувининг тезлиги 10 Гбит/с ни ташкил этган эди, бу 2012 йилдаги кўрсаткичга қараганда икки бараварга кам.
Қўмита берган маълумотга кўра, Интернетга уланиш ташқи каналининг тезлигини ошириш мақсадида барча операторлар ва провайдерлар учун халқаро интернет каналларини ижарага олиш тарифлари ҳам 2,5 бараварга камайтирилган. Халқаро тармоқлардан фойдаланишнинг умумий тезлиги 11,810 Мбит/с га етган. Интернетга кенг полосали уланиш учун портлар сони 613 мингга етган.
Қайд этиб ўтамиз, Ўзбекистон провайдерлари томонидан тақдим этилаётган интернет тезлиги ва хизматлар сифати ижтимоий тармоқдаги “Общественный контроль” гуруҳида муҳокама қилиниб, унинг иштирокчилари маълумотлар алмашинувининг тезлиги жуда паст эканидан шикоят қилганди.
Шу билан бирга, қўмита интернетнинг ўртача тезлиги бўйича Ўзбекистон 174-ўринда экани тўғрисидаги маълумотга изоҳ беришдан бош тортди. Рейтинг хусусий компания томонидан тузилгани боис қўмита уни баҳолаш имкони йўқлигини билдирди, деб ёзади UZ24 нашри.
Шарҳлар