Тошкент Давлат шарқшунослик институтида хитойшунослик факультети очилади
Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов 2014 йил 3 сентябрь куни “Тошкент Давлат шарқшунослик институти таркибида хитойшунослик факультетини яратиш тўғрисида”ги қарорни имзолади, деб ёзади UzDaily.
Ҳужжат замонавий педагогик ва ва ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда таълим беришнинг илҳор усулларини жорий этиш асосида хитой тилида эркин гаплашувчи ҳамда Хитой тарихи, маданияти, сиёсати ва иқтисодиёти соҳасида чуқур билимларга эга юқори малакали хитойшунос-мутахассисларни тайёрлаш мақсадида қабул қилинди.
Давлат раҳбари Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Тошкент Давлат шарқшунослик институти ректоратига 2014/15 ўқув йили учун бакалавриатга қабул квотаси ҳисобидан қуйидаги таълим йўналишлари бўйича “хитойшунослик” ихтисоси бериладиган талабаларнинг ўқув гуруҳларини шакллантириш топширилди: хитой филологияси – 34 киши, жаҳон сиёсати – 25 киши ҳамда мамлакатлар иқтисодиёти ва мамлакатшунослик – 25 киши.
Институтга таниқли мутахассислар ва хитойшунос-олимларни жалб этиш, ҳамкорликдаги ўқув ва тадқиқот дастурларини амалга ошириш, факультет талабалари ва ўқитувчиларининг стажировкаларини ташкил қилиш, Тошкент Давлат шарқшунослик институти қошидаги Конфуций институти фаолиятини янада ривожлантириш ҳамда институт фаолиятини ташкиллаштириш учун грантларни жалб этиш мақсадида Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги ҳамда Ташқи ишлар вазирлигига биргаликда уч ой ичида Тошкент Давлат шарқшунослик институти ва Хитойдаги етакчи профилли университет ва институтлар билан ўзаро шериклик алоқаларини йўлга қўйиш бўйича чора-тадбирлар комплексини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш топширилди.
Шарҳлар