Ўзбекистонда “электрон университет” жорий этилади

Ўзбекистонда “электрон университет” жорий этилади

Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги “электрон университет” лойиҳасини амалга оширмоқда, дея хабар беради “Uzbekistan Today” нашри.

Лойиҳа ўқув муассасаси фаолиятида қоғоз ҳужжатлар айланмасини янада қисқартириш ва ахборот-коммуникация тизимларининг ваколатларини кенгайтиришни кўзда тутади.

Тизим шундай тузилганки, вазирлик мутахассислари исталган пайтда олий ўқув юртидан статистик маълумотларни сўраш ва уларни тезкор олиш имконига эга бўлади. “Электрон университет”ни жорий этиш олий таълим тизимида тақдим этиладиган интерфаол хизматларни кенгайтиришга қаратилган.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг ўқув жараёнига АКТни жорий этиш бошқармаси бошлиғи Хуршид Султоновнинг сўзларига кўра, айни пайтда олий ўқув юртлари учун унификацияланган дастурий таъминотни ишлаб чиқиш маркази фаолият кўрсатмоқда.

Ғояга кўра ҳар бир аудиторияда камида битта компьютер ва тармоққа уланиш нуқтаси ташкил этилади. Бундан ташқари институтга ва ҳар бир аудиторияга кириш жойида талабалар учун шахсий ўтказиш карталари билан ўтишни назарда тутувчи махсус турникетлар ўрнатилади. Маърузаларда қатнашиш ва талабалар тўплаган баллар электрон журналда қайд этиб борилади.

“Электрон университет”ни жорий этиш ишларини 2016 йилга якунлаш режалаштирилган. 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.