“Huawei Technologies” компанияси “Ўзмобайл” учун ускуна етказиб беради
Хитойнинг “Huawei Technologies” компанияси “Ўзбектелеком” АКнинг филиали бўлган “Ўзмобайл” операторига 117,6 млн. долларлик телекоммуникация ускуналарини етказиб берадиган бўлди.
“Ўзбектелеком” акциядорлари навбатдан ташқари йиғилишда компанияга “Huawei Technologies Co.LTD.” билан 117,6 млн. долларлик телекоммуникация ускунасини етказиб бериш бўйича шартномани имзолашга рухсат берди, деб ёзади “UzDaily” нашри.
Шартнома Хитой Давлат тараққиёт банкининг 100 млн.доллар ва “Алоқабанк” АКнинг 17,6 млн.долларлик кредитлари ҳисобидан молиялаштирилади.
Хитой Давлат тараққиёт банки кредитни 6 ойлик ЛИБОР плюс 3,9% ставка бўйича 3 йиллик имтиёзли давр билан 9 йилга тақдим этади.
“Huawei Technologies” ускуналарни “Ўзмобайл” операторига етказиб беради. Ҳозир у GSM стандартидаги мобил тармоқни барпо этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2014 йил 12 февралда Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов “Миллий мобил алоқа оператори фаолиятини ташкил этиш бўйича яора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолаган эди.
Шарҳлар