Ёшлар қайта тикланувчи энергия манбалари объектлари билан танишишди

Источник: UNDP Uzbekistan

Хавфсиз, ишончли, иқлимга ва атроф-муҳитга энергияни таъминлайдиган қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш иқлим ўзгаришига қарши глобал курашда асосий рол ўйнайди. 29 апрель куни Тошкент шаҳридаги олий ўқув муассасалари талабалари Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги қайта тикланадиган энергия объектларига ташриф буюришди. Ушбу сафардан кўзланган мақсад Тошкент вилояти Паркент туманидаги “Физика-Қуёш” ИИЧБ Материалшунослик институти, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Физика-техника институти экспертлари ва илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик лойиҳалари фаолияти ва Тошкент вилояти Ўртасарой шаҳридаги қуёш электр станциясининг ишлаши билан яқиндан танишиш эди.

“Физика-Қуёш” ноёб қуёш мажмуасига ташриф буюрган талабалар қуёш энергиясидан кундалик ҳаётда фойдаланиш имконини берувчи технологиялар билан танишдилар. Етакчи мутахассислар қуёш энергиясини жамловчи параболик кўзгу ёрдамида сувни иситиш, металл эритиш, олов ёқиш каби илмий тажрибалар натижаларини ёшларга намойиш этишди. Объектда, шунингдек, водород чиқариш учун электр энергиясини таъминлайдиган кичик қуёш электр станцияси ҳам ишламоқда. Ушбу станция томонидан ишлаб чиқарилган электр энергияси водород ва кислороднинг ажралишига олиб келадиган кимёвий реакция ўтишига йўл очади. Чиқарилган водород экологик тоза ёқилғи сифатида ишлатилиши мумкин, чунки унинг ёниш маҳсулоти фақат сув буғи шаклида чиқади. Бугунги кунга келиб, водороддан ёқилғи сифатида оммавий фойдаланишга уни сақлаш ва ташиш учун қурилмалар (ёқилғи хужайралари) йўқлиги тўсқинлик қилмоқда, бироқ институт ходимлари илмий-тадқиқот ишлари доирасида уларни ишлаб чиқиш йўлларини излашмоқда. Ушбу муаммо ҳал этилгач, водород ёқилғисининг иқлимга мос ва тоза энергия ишлаб чиқариш бўйича глобал саъй-ҳаракатларга ҳисса қўшиши учун катта истиқболлар пайдо бўлади.

Талабалар Тошкент вилояти Ўртасарой туманида жойлашган 40 кВт қувватга эга кичик қуёш станциясига ҳам ташриф буюришди. Мазкур объектда талабалар фотоэлектр қурилмасининг таркибий қисмлари билан танишдилар, қуёш панелларини ишлаб чиқариш технологияси ва ишлаб чиқарилган электр энергиясини умумий фойдаланиш тармоқларига ўтказиш ҳақидаги маълумотларга эга бўлишди.

“Технология катта салоҳиятга эга, чунки фотоэлектр панелларни шаҳарлардаги бинолар томларига ўрнатиш мумкин. Ўзбекистон иқлимини ҳисобга олган ҳолда улар электр энергияси ишлаб чиқариш учун анъанавий қазиб олинадиган ёқилғидан фойдаланишни сезиларли даражада қисқартириш учун асос бўлиши мумкин”, — деди Халқаро рақамли университет талабаси Шуҳрат Ҳакимов.

Физика-техника институтида талабаларга Ўзбекистонда қуёш энергиясидан фойдаланиш бўйича энг сўнгги ишланмалар намойиш этилди. Шунингдек, улар Тесла электромобилини кўриш, унинг двигателининг ишлаш тамойиллари, техник тавсифлари ҳамда уни қувватлантириш ва ишлатиш хусусиятлари билан танишиш имконига эга бўлдилар

“Бугун биз муқобил энергия имкониятлари, қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш, фотоелектрик панеллар, шамол станциялари билан танишдик – буларнинг барчаси яшил энергетика элементлари. Экскурсия давомида биз иқлим ўзгариши глобал муаммосини кўпроқ тушуниболдик ва бу муаммога қарши курашиш бўйича шошилинч чора-тадбирлар ва ҳаракатларни амалга оширишдан манфаатдорлигимизни оширдик”, – деди Тошкент давлат транспорт университети магистранти Нодирбек Агзамов.

Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизматлари маркази (Ўзгидромет) билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ҳамда Буюк Британиянинг Ҳамдўстлик ва тараққиёт бўйича Ташқи ишлар офиси (FCDO) томонидан молиялаштирилаётган БМТТДнинг “Марказий Осиёда иқлим хавфсизлиги бўйича сиёсий ҳаракатлар – II босқич” лойиҳаси доирасида қизиқувчи талабалар учун атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш билан боғлиқ бир қатор ўқув сафарлари ва интерактив тадбирлар режалаштирилган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.