,

Ўзбекистонда хавфли кимёвий чиқиндиларни бошқариш бўйича миллий стратегия ишлаб чиқилади

Фото: eco.gov.uz

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ахборот хизматинг хабар беришича, вазирлик биносида «Хавфли кимёвий моддаларни ишончли бошқариш» лойиҳасини амалга ошириш бўйича грант шартномаси имзоланди.

“Уч томонлама ҳужжатни Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири ўринбосари Жусипбек Казбеков, Европа Иттифоқининг (ЕИ) Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан ва БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг (ФАО) Ўзбекистондаги вакили ўринбосари Шерзод Умаров имзолади”, – дейилади хабарда.

Лойиҳа Экология вазирлиги томонидан ФАО билан биргаликда 2023–2027-йиллар оралиғида Европа Иттифоқининг молиявий кўмагида амалга оширилади. У тугаллангандан сўнг, хавфли кимёвий моддаларни оқилона бошқариш соҳасида мамлакатнинг институционал салоҳияти ошиши кутилмоқда, бу эса хавфли чиқиндилар бўйича янада яхши маълумотлар базасини шакллантириш имконини беради. Шунингдек, Чиқиндиларни бошқариш бўйича Миллий стратегияни ишлаб чиқиш ва тегишли стандартларга эга хавфли чиқиндиларни қайта ишлаш корхоналарини босқичма-босқич яратишга ўтиш учун замин яратади.

“Бу мавзу Ўзбекистон учун жуда долзарб, чунки қишлоқ хўжалиги мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 27 фоизини ташкил қилади. Яхши ҳосил олиш мақсадида Ўзбекистонда кимёвий моддалар, пестицидлардан ўртача фойдаланиш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш бўйича фаол иш олиб борилмоқда. Лойиҳанинг асосий мақсади Экология вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, фермерлар ва бошқа манфаатдор шахсларнинг ушбу соҳадаги кўникмаларини ривожлантиришдир. Албатта, лойиҳанинг амалга оширилиши БМТнинг 4 та конвенциясидаги мажбуриятларнинг бажарилишидир”, — деган Шерзод Умаров.

Қўшма лойиҳани амалга ошириш натижасида зарарли кимёвий моддалар ва улар билан боғлиқ чиқиндиларни бошқариш механизмлари ва воситалари самарадорлигини ошириш, шунингдек, қишлоқ хўжалигида хавфли пестицидлардан фойдаланишни қисқартириш, шу жумладан, қишлоқ хўжалигида муқобил усулларни жорий этиш ва тарғиб қилиш режалаштирилган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.