Тошкент ҳаво сифати бўйича энг ифлосланган шаҳарлар 20 лигидан ўрин олди

Тошкент PM2,5 зарраларининг ўртача йиллик тўпланиши (29,9 мкг/м3) бўйича энг ифлосланган шаҳарлар рўйхатида 18-ўринни эгаллади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) нормаларига кўра, РМ2.5 зарраларининг ўртача йиллик даражаси 10 мкг/м3 дан ошмаслиги керак. 2020 йил учун ҳаво сифати бўйича ҳисоботни IQAir ташкилоти тақдим этди.
 
Ушбу ҳисобот 106 та мамлакатдан олинган PM2.5 маълумотларини ўзида бирлаштирган. Мазкур кўрсаткич бўйича биринчи ўринда Деҳли шаҳри бормоқда (84,1 мкг/м3), энг охирги ўринда эса – АҚШ Виргин ороллари (3,8 мкг/м3).

PM2,5 зарралари соғлиққа қандай таъсир кўрсатади

ЖССТнинг қайд этишича, PM2,5  га экспозиция ҳудуд аҳолисининг яшаш давомийлигини ўртача тахминан 8,6 ойга қисқартиради. Ўтказилган илмий лойиҳа натижалари шуни кўрсатмоқдаки, агар PM2,5 нинг узоқ муддатли концентрациясини бир йиллик даражага камайтириш имкони бўлганида, унда ифлосланиш даражаси юқори бўлган шаҳарларда одамларнинг ўртача яшаш давомийлиги тахминан 20 ойга ошган бўларди.

COVID-19 билан бир қаторда ҳавонинг ифлосланиши инсон саломатлиги учун энг долзарб экологик таҳдид бўлиб қолмоқда

Дунё аҳолисининг 90% дан ортиғи ифлосланиш даражаси хавфли бўлган ҳаводан нафас олади. Бу бутун дунё бўйлаб йилига камида 7 млн.та бевақт ўлимга олиб келмоқда. Ушбу кўрсаткич COVID-19 билан боғлиқ ўлимдан 3 баравар ортиқ. Шунингдек ҳавонинг ифлосланиши жаҳон иқтисодиётига ҳам 5 трлн доллардан ортиқ миқдорда зарар етказмоқда.

IQAir ташкилотининг қайд этишича, 2020 йилда COVID-19 тарқалиши янги хавотирларни келтириб чиқарган, чунки ифлосланган ҳаво шароитларида вирус ва унинг соғлиққа таъсири олдида заифлашиб қолиш эҳтимоли ортади. Олинмаган маълумотлар шундан далолат бермоқдаки, ифлосланган ҳаво таъсири билан боғлиқ COVID-19 оқибатидаги ўлим ҳолатларининг улуши 7% дан 33% гачани ташкил қилмоқда.

COVID-19 га қарши курашиш чоралари мамлакатларнинг 84% да ҳаво сифатининг яхшиланишига олиб келди

Ҳавога PM2.5  ташланиши юқори бўлган ва аҳоли зич жойлашган шаҳарларда COVID-19 га қарши курашиш бўйича карантин чораларини қўллаш натижасида ҳавога PM2.5 ташланиши сезиларли даражада камайгани кузатилган. Масалан Деҳли (-60%), Сеул (-54%) ва Уханда (-44%) 2019 йилнинг шу даври билан солиштирганда чеклаш чоралари жорий этилган даврда юқоридаги кўрсаткичларнинг сезиларли даражада пасайиши кузатилган. Лос-Анжелесда чеклаш чоралари амал қилган даврда ҳавога PM2.5 ташланиши 31% га камайган ҳамда бу даврда ҳавонинг сифати ЖССТ талабларига мувофиқ ҳолатда (< 10 мкг/м3) сақланиб турган.

Кўп ҳолларда бундай бирламчи яхшиланишлар қисқа муддатли бўлади. 2020 йил якунига келиб, саноат ва транспорт жонланиши натижасида ўртача йиллик қийматларнинг пасайиши яна секинлаша бошлади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.