Шакарнинг максимал нархи 1 кг учун 3200 сўм миқдорида белгиланди

Шакарнинг максимал нархи 1 кг учун 3200 сўм миқдорида белгиланди

Шакар маҳсулоти бозорида барқарорликни таъминлаш, юзага келган вазиятни юмшатиш ва истеъмолчилар орасида шов-шувларга барҳам бериш мақсадида Ўзбекистон ҳукумати томонидан чакана савдо дўконларида сотилаётган шакар маҳсулотининг максимал нархи 1 кг учун 3200 сўмдан ошмаслиги белгилаб қўйилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг матбуот хизмати хабар беради.

Қўмита тарқатган хабарга кўра, жорий йилнинг июль ойи мобайнида савдо дўконларига қўшимча тарзда яна 12,0 минг тонна шакар чиқарилади ҳамда июль ойида биржа савдолари орқали сотитиши мўлжалланган шакар 20 июлгача тўлиқ савдога  қўйилади. Шундай қилиб, бугунги кунда меваларни консервация қилиш мавсумини ҳисобга олган ҳолда, шакар маҳсулотига бўлган мавжуд талабни тўлиқ қондириш имконияти мавжуд. Шуларни инобатга олган ҳолда, Давлат рақобат қўмитаси истеъмолчиларни асоссиз шов-шувларга эътибор бермасдан, зарур ҳажмларда шакар маҳсулотини сотиб олишга чақиради.

Қайд этиб ўтамиз, жорий йилнинг июнь ойидан бошлаб Тошкент шаҳри ва бир қатор ҳудудларда шакар маҳсулотининг танқислиги кузатилиб, бунинг оқибатида айрим савдо дўконларида шакар маҳсулотининг чакана нархлари асоссиз оширилаётгани кузатилмоқда. Давлат рақобат қўмитасининг фикрича, шакар маҳсулотининг “сунъий тақчиллиги” келиб чиқишига асосий сабаб бу оддий олибсотарлик, шу жумладан ушбу маҳсулот бозорида фаолият кўрсатаётган улгуржи воситачилар ҳамда чакана савдо дўконлари ўртасида ўзаро тил бириктириш, келишиб ҳаракат қилиш ҳолатлари ҳам эҳтимолдан ҳоли эмаслигидир.

Юзага келган бу вазиятдан баъзи ноинсоф истеъмолчилар чайқовчилик мақсадларида фойдаланмоқда, яъни улар йирик савдо дўконларидан кўп миқдорда шакар маҳсулотни сотиб олиб, сўнгра уни юқори баҳода қайта сотяпти.

 Давлат рақобат қўмитаси томонидан ўтказилган таҳлил ишларининг кўрсатишича, бугунги кунда мамлакатимизда шакар маҳсулоти тақчиллигини келтириб чиқарадиган хеч қандай объектив ва субъектив сабаблар ва омиллар йўқ.  Яъни жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида шакар ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилнинг худди шу даврига нисбатан 14,7% ошган бўлса, биржа савдолари орқали сотилаётган шакар миқдори эса режалаштирилган ҳажмдан деярли 4,7 %га кўп бўлган.Бу кўрсаткич аҳоли истеъмол қиладиган ва саноат эҳтиёжи учун ишлатиладиган шакар маҳсулотининг ўсиш тенденциясига тўлиқ мос келади.

Шакар маҳсулотига бўлган ички талабни маҳаллий маҳсулот ҳисобига қондириш мақсадида, жорий йилнинг учинчи чорагида “Ангрен” махсус индустриал зонасида йиллик ишлаб чиқариш қуввати 300,0 минг тоннага мўлжалланган янги шакар ишлаб чиқариш заводини ишга тушириш кўзда тутилган.

Шунингдек, Қўмита Ўзбекистонда “шакар маҳсулотининг сунъий танқислиги”ни келтириб чиқарувчи сабабларни ўрганиш, бунга йўл қўймаслик мақсадида шакар маҳсулоти билан савдо қилувчи улгуржи ва чакана бўғинлар фаолиятини ўрганиш ишлари бошлангани ҳақида маълум қилади.

 Ўрганиш натижаларига кўра, шакар маҳсулоти бозори иштирокчилари ўртасида келишувлар ёки келишиб қилинган ҳаракатлар аниқланган тақдирда, Давлат рақобат қўмитаси томонидан монополияга қарши иш қўзғатилиб, қонунчилик талабларига асосан уларга нисбатан ҳуқуқий чоралар қўлланади. 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.