Bo'limsiz

Сурхондарё вилоятида 2000 га яқин тожик ковраги шикастланди

Фото: Минэкологии

Сурхондарё вилояти Эколгия бошқармасининг ишчи гуруҳи томонидан «Боботоғ» давлат ўрмон хўжалиги фаолиятини ўрганиш давомида тожик ковраги билан боғлиқ қатор қонунбузарлик ҳолатлари аниқланди.

Жумладан, «Боботоғ» давлат ўрмон хўжалиги «Файзова» бўлимининг 1-А 2-квартал ўрмон фонди ер майдонида Ўзбекистон Қизил китобига киритилган, табиий ҳолда ўсувчи 893 туп тожик ковраги ўсимлигининг 2–3 маротаба шираси олинганлиги, бундан ташқари, 163 туп тожик ковраги ширасини олиш мақсадида димлаб қўйилганлиги кузатилди. Оқибатда ўсимлик дунёсига 442 миллион 35 минг сўм зарар етказилган.

Шунингдек, «Файзова» ўрмон бўлимининг 5-округи 6-квартали ер майдонида табиий ҳолда ўсган 830 туп тожик ковраги ўсимлиги 5–6 марта кесилиб, шираси олинган. Натижада ўсимлик дунёсига 410 миллион 850 минг сўм зарар етказилган.

Бундан ташқари, «Файзова» ўрмон бўлими 1-округи 2-квартали «Узлес» массивида табиий ҳолда ўсган 87 туп тожик ковраги ўсимлигининг шираси  кесиб олинганлиги, бундан ташқари, 218 туп тожик ковраги ширасини олиш мақсадида димланганлиги аниқланди. Оқибатда ўсимлик дунёсига 43 миллион 65 минг сўм зарар етказилган.

Юқоридаги ҳолатларга ҳуқуқий баҳо бериш, айбдорларни аниқлаш ва тегишли чора кўриш мақсадида ҳужжатлар прокуратурага юбориш учун тайёрланмоқда.

Бунгача Қашқадарё вилоятида тожик феруласига зарар етказишнинг учта ҳолати қайд этилган бўлиб, уларнинг барчаси июль ойида содир бўлганди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Қизил китобига киритилган тожик ковраги ўсимлигининг йўқолиб кетишига йўл қўймаслик ва кўпайишини таъминлаш мақсадида мораторий жорий этилган.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.