Зилзила содир бўлган пайтда қандай ҳаракат қилиш керак?

Последствия землетрясения в Турции 6 февраля. Источник: BBC

Биринчи навбатда нима қилиш керак?

Ер қимирлаши рўй берганида, ернинг юза қисми унча узоқ  бўлмаган вақт  давомида тебраниб туради дея таъкидлайди Ўзбекистон ФВВ. Ер силкиниш даври – силкиниш ер қатламининг юзасида ва яқин масофада бўлса, бир неча сония, чуқурроқ ва олисда бўлса, 2-3 дақиқагача давом этиши мумкин. Бу тебранишлар инсонга ноқулайлик туғдириб, қўрқувга туширади. Лекин ер силкинишининг тўхташини кутишдан бошқа чора йўқ. Шунинг учун саросимага тушмасликка ҳаракат қилинг, осойишталик ва хотиржамликни сақлаш жуда муҳим. Ер қимирлаётганида  хотиржамлик ва ақл билан иш кўрсангиз, талофотсиз чиқишингизга кўпроқ имконият бўлади. Бундан ташқари  атрофингиздаги одамлар сиздан ўрнак олишади ва бу улар учун ниҳоятда фойдали.

Агар мен бино ичида бўлсам-чи?

Агар сиз ер ёки бинонинг силкинишини сезсангиз, дарҳол хавфдан қутилишга ҳаракат қилинг, энг катта хавфни юқоридан тушадиган жисмлар яратиши мумкинлигига аҳамият беринг. Агар сиз кўп қаватли уйнинг биринчи қаватида хом ғиштли, пишган ғиштли ёки пахса деворли шахсий уйларда яшасангиз, ер қимирлаши бошланиши билан 15-20 сония ичида дарҳол уйнинг ичидан ташқарига чикиб кетинг ва электр симлари, газ қувурлари ва баланд иморатлар тагидан узоқроққа очиқ жойга ўтинг.

Мен қочиб чиқишга улгурмадим, нима қилишим керак?

Агар сиз хона ичида қолсангиз, дарҳол олдиндан танланган хавфсиз жойни олинг. Агар гипс, лампалар, шиша бўлаклари тушиши хавфи мавжуд бўлса, стол ёки тўшак остига яширинг. Мактаб ўқувчилари парта остига яшириниб, деразадан юз ўгириб, юзлари ва бошларини қўллари билан беркитишлари мумкин. Агар сиз кўп қаватли бинонинг биринчи қаватидан юқорида жойлашган бўлсангиз, лифт ва зинапояларга томон шошилманг, чунки улар зилзила пайтида кўпинча қулаб тушади. Бундай ҳолларда эшикни очинг ва унинг кесакисида туринг. Эшик тиқилиб қолса, ташвишланманг – бу бинонинг қийшайиши туфайли содир бўлади. Ҳар қандай бинода деразалардан узоқроқ, бинонинг ички, асосий деворларига яқинроқ туринг. Шиша тўсиқлардан эҳтиёт бўлинг.

Тушунарли, яна нимани билиб қўйган яхши?

Биринчи қаватдан юқорида бўлганингизда, деразадан сакраб тушманг. Эсингизда бўлсин, бу бино бутунлай бузилмаган бўлса ҳам, шикастланишга олиб келиши мумкин. Ойнали деразалардан сакраб ўтманг. Агар керак бўлса, ойнани курси билан, ўта зарур ҳолатларда – елкангиз билан уриб синдиринг. Одамлар гавжум жойларда (дўконлар, кинотеатрлар, мактаблар, институтлар, станциялар) бўлганингизда, умумий ваҳимага берилманг, асосий деворларга, устунларга яқинроқ туринг, осилган нарсалар – қандиллар, вентиляторлар, реклама тахталаридан узоқроқ туринг. Хотиржам бўлинг, бошқаларга халақит берадиган ҳеч нарса қилманг, эшиклар ва йўлакларда тиқилинч яратманг. Қишлоқ жойларда зилзила натижасида сел, кўчки, тош қулашлари юз бериши мумкин. Шунинг учун, сув тошқини ҳудудларидан, тик ва текис қияликлардан узоқроқда, энг баланд жойга чиқишга ҳаракат қилинг.

Агар зилзила пайтида мен кўчада бўлишимга тўғри келса-чи?

Кўп қаватли бино остида турган бўлсангиз, очиқ жойга чиқишга ҳаракат қилинг, чунки бино силкиниши натижасида синган бўлаклар устингизга тушиши мумкин. Электр симлари тагида ҳам турманг, узилиб кетиши мумкин. Узилиб кетган симлардан эҳтиёт бўлинг. Бино бўйлаб унинг тагида югурманг, бинога кирманг, юқоридан тушиши мумкин бўлган бўлаклар ҳаётингиз учун хавфли. Ер силкинаётган вақтда автомобилда кетаётган бўлсангиз, юқори қаватли бинолар, электр сими, тик ёнбағирлар, кўприклар, бензин қуйиш шохобчалари,  дарё ўзанидан узоқроқ жойларга бориб машинани аста тўхтатинг.

Агар вайрона остида бўлсам нима қилишим керак?

Агар сиз вайрона остида қолган бўлсангиз, иложи борича хотиржамлик билан шароитни тўғри баҳоланг. Ўзингизга биринчи тиббий ёрдам кўрсатинг, агар лозим бўлса қон оқишини тўхтатинг ва жароҳатни боғланг. Ёнингиздагиларга ёрдам кўрсатинг, тинчланишига  ёрдам  беринг. Вайроналардан ташқаридагилар билан товуш орқали ёки бирор нарсани таққиллатиш  билан алоқа ўрнатишга ҳаракат қилинг. Кучларингизни тежанг. Ёдингизда бўлсин, ёрдам албатта келади. Ёдингизда бўлсин, ернинг қайта силкиниши – афтершоклар хавфи сақланиб қолиши мумкин. Афтершоклар, асосий ер қимирлагандан сўнг  бир неча дақиқа, соат, баъзи вақтларда кунлардан кейин ҳам юзага келиши мумкин.

Зилзиладан кейин нима қилиш керак?

Ер қимирлаши тўхтагандан кейин биноларнинг ҳолатини, жабрланган одамларни кузатишингиз мумкин. Бундай ҳолларда хотиржамлик билан  дарҳол  шикастланган, жарохатланганларга ёрдам кўрсатишни бошланг. Ёрдамга муҳтож одамларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатинг. Жароҳат олганларни совуқ қотмаслиги учун кўрпа билан ўранг ва шифохонага юборинг. Касаллар, болалар ва қариялар хавфсизлигини таъминланг, руҳий далда беринг. Енгил буюмлар остида қолганларга ёрдам беринг. Эҳтиёт бўлинг. Қўшимча тиббий ёки бошқа ёрдамга хожат бўлса ёрдам келгунча кутинг..

Яна нимага эътибор бериш муҳим?

Ёнғин ўчоғини сезсангиз, иложи борича ўчиришга ҳаракат қилинг. Электр   симларини узилмаганлигини текшириб кўринг. Бузилган жойини тузатишга ҳаракат қилинг ёки электр тармоғини ўчириб қўйинг. Сув  тармоғини текшириб чиқинг.  Агар  бузилган  бўлса, тузатишга ҳаракат қилинг ёки тармоқдан узиб қўйинг. Газ тармоғини жумрагидан беркитиб қўйинг, агар газ тарқалиш хавфи мавжуд бўлса, уни ҳидидан аниқланг, гугурт ёки шамдан фойдаланманг. Канализация қувуридан фойдаланишдан олдин, унинг созлигини бино ичида, ертўлада текшириб кўринг. Хавфли  енгил аланга олувчи   суюқликлар  тўкилган  бўлса  (бензин, кимёвий моддалар ва бошқалар), тезда бартараф қилинг ва бу  ҳақда бошқаларга хабар беринг.

Тушунарли, яна нималарни билишим керак?

Вайрон бўлган бинолар ёнига борманг, уларнинг ичига кирманг. Агар сизнинг ёрдамингиз керак бўлмаса, ер қимирлаган ва вайрон бўлган жойга кирманг. Ертўла эшикларини очишда эҳтиёт бўлинг, чунки устингизга сувоқ парчалари, устунлар ёки оғир жисмлар тушиши мумкин. Телефонни кераксиз ахборотлар учун банд қилиб турманг, чунки телефон ёрдамга чақириш, муҳим ҳодисалар, ярадорлар ва жиноятчилар ҳақида ахборот бериш учун керак бўлади. Ёдингизда бўлсин, телефон тармоғининг банд бўлиши қутқарув хизматининг фаолияти самарадолигини камайтириши мумкин. Ер қимирлашининг такрорланиши мумкинлиги ҳақидаги ўз фикрингизни бировларга тарқатманг, ёки миш-мишларга ишониб гап тарқатманг. Расман эълон қилинган ахборотлардан фойдаланинг.

Материал Ўзбекистондаги КНАУФ компанияси кўмагида тайёрланди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.