1 кг. 226 гр гиёҳвандлик моддалари қўлга олинди
Тошкент шаҳар божхона бошқармаси Контранбадага қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан Давлат хавфсизлик хизмати ва ички ишлар ходимлари билан ҳамкорликда пойтахтимиз ҳудудида гиёҳвандлик моддаларнинг ноқонуний муомаласига чек қўйишга қаратилган кенг қамровли қатор тезкор тадбирлар ўтказилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар божхона бошқармаси матбуот хизмати хабар беряпти.
Пойтахтнинг Фарғона йўли кўчасида жойлашган меҳмонхоналардан бири кўздан кечирилганида, бу ердаги хоналардан бирида истиқомат қилиб келаётган фуқароларга тегишли бўлган, ҳожатхона ахлат қутиси ичида яширилган 2 дона полиетилен ўрамда оғирлиги 593,42 гр. бўлган “гашиш” гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланди.
«Шунингдек, Миробод туманида ўтказилган навбатдаги тезкор тадбирда олдиндан кузатувга олинган фуқаро “шартли харидор”га 4 400 АҚШ доллари эвазига гиёҳвандлик воситасиларини сотаётган вақтида тезкор ходимлар томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинди. Шундан сўнг, тезкор тадбир давом эттирилиб, ушбу тумандаги хонадонлардан бири холислар иштирокида кўздан кечирилганида, бу ерда 262,93 гр. “гашиш” ва 0,58 гр. “марихуана” гиёҳвандлик воситалари борлиги аниқланди. Ўтказилган тезкор тадбир давомида 430,22 гр. гашиш ҳамда 0,58 марихуанна гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланувига чек қўйилган», – дейилади хабарда.
Чилонзор туманида ўтказилган тезкор тадбирда автотураргоҳлардан бирида 1993 йилда туғилган фуқаро “шартли харидор”га гиёҳвандлик воситаларини 4500 АҚШ доллари эвазига сотган вақтида тезкор ходимлар томонидан тўхтатилиб, олиб қўйилган 2 та ўрамлар кўздан кечирилганида, ўрамлада 115,22 гр. оғирликдаги “гашиш” гиёҳвандлик воситаси борлиги маълум бўлди.
Бектемир тумани “Бектемир” йўл патрул масканида ўтказилган тезкор тадбир давомида “Cobalt” русумли транспорт воситаси белгиланган тартибда тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилганида, транспорт воситасидаги фуқаролардан бири 96,72 гр. “гашиш” гиёҳвандлик воситасини шимининг камар боғичига боғлаб, шимнинг ички қисмига яширган ҳолда ҳаракатланиб келаётганлиги маълум бўлди.
«Ўтказилган тезкор тадбирлар давомида 1 кг. 226 гр оғирликдаги “захри қотил”нинг ноқонуний муомаласига чек қўйилди», – дейилган.
Ҳозирда юқорида келтириб ўтилган ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан жиноят ишлари қўзғатилди.
Шарҳлар