Ўзбекистонда янги ўқув йили учун 1-синфга қабул 20 июндан бошланади
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, 2024-2025 ўқув йили учун 1-синфга қабул 20 июндан бошланади. Қабул жараёнлари 2 босқичда амалга оширилади. Регламентга мувофиқ, 1 – босқич 20 июндан 31 июлгача микро-ҳудуд доирасида, 2-босқич 1-августдан 15-августгача микро-ҳудуддан ташқарида амалга оширилади.
1-синфга қабул жараёнлари белгиланган туман, шаҳарларда электрон шаклда давлат хизматлари орқали амалга оширилади.
Бунда ота-оналар 20 июндан бошлаб my.maktab.uz электрон платформаси орқали рўйхатдан ўтиб, ариза топшириши мумкин. Давлат хизматлари кўрсатилмайдиган ҳудудларда 1-синфга қабул қилинган ўқувчилар вазирлик электрон тизими (adm.maktab.uz)га киритилади.
Маълумот ўрнида айтиш лозимки, “Таълим тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, болалар 7 ёшга тўладиган йилда мактабга қабул қилинади. Бу йил 1-синфга 2017 йилнинг 31 декабрига қадар туғилган болалар қабул қилинади.
Электрон қабул жараёнлари юзасидан вазирлик Cаll-марказининг 71-203-07-04 рақами ёки телеграмдаги @mymaktab_uz расмий канали орқали қўшимча маълумот олиш мумкин.
Шарҳлар