1 туп дарахт кесган фуқаро 9 миллиондан зиётроқ товон тўлайдиган бўлди
Самарқанд вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси Пахтачи туман бўлими томонидан навбатдаги назорат рейд тадбирлари ўтказилди.
Рейд давомида туманнинг Тинчлик маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро М.Р. томонидан маҳалла ҳудудидаги бир туп терак дарахти ўзбошимчалик билан кесиб ташлангани аниқланди.
Мазкур ҳолат юзасидан фуқарога нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖТКнинг 79-моддаси 1-қисмига мувофиқ маъмурий баённома расмийлаштирилди. Ҳуқуқбузар базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 баравари — 8 млн 500 минг сўм миқдорида жаримага тортилди. М.Р. жарима билан бирга ўсимлик дунёсига етказилган зарарни ҳам (680 минг сўм) тўлайдиган бўлди.
Маълумот учун, республикамизда давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг кесилишига қарши мораторий жорий этилган бўлиб, дарахтларни тегишли рухсатларсиз кесиш қатъиян ман этилади. Бу каби ҳуқуқбузарликлар қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади.
Шарҳлар