Ўзбекистон иқтисодиёти ҳажми 100 млрд доллардан ошган

Foto: zamin.uz

Халқаро валюта жамғармасининг баҳолашига кўра, Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулот ҳажми 101,6 миллиард долларни ташкил этди. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ахборот хизмати хабар берди.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказида Статистика агентлиги ва Халқаро валюта жамғармаси томонидан ўтказилган тадқиқот натижалари эксперт ва илмий доираларда муҳокама қилинди. Тадқиқотнинг асосий мақсади Ўзбекистонда “кузатилмайдиган иқтисодиёт” ҳажмини баҳолаш натижаларини муҳокама қилиш ва унинг бошқа макроиқтисодий кўрсаткичларга таъсирини ўрганишдан иборат.

Тадбир доирасида норасмий ва яширин иқтисодиётнинг ҳажми ҳамда унинг макроиқтисодий кўрсаткичларга таъсири бўйича ҳисоб-китоб натижалари муҳокама қилинди. Норасмий ва яширин иқтисодиётни баҳолаш танланма статистик кузатувлар ва маъмурий маълумотлар асосида амалга оширилди.

Тадқиқот республика бўйича 14 та ҳудудда олиб борилди: хусусан, 2023 йилнинг июль-август ойларида Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) техник кўмак миссияси жалб этилиб, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида жами 165 та туман бўйича 7 мингдан зиёд уй хўжаликларининг яшаш ва овқатланиш, транспорт, маданият, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа хизматларига харажатлари сўровнома асосида ўрганилди.

Йиғилган маълумотлар асосида норасмий ва яширин иқтисодиётнинг ҳажми ҳамда унинг ЯИМга таъсири соҳалар ва ҳудудлар бўйича 2017-2023 йиллар учун баҳоланди. Бу эса мамлакатда кузатилмайдиган иқтисодиётнинг кўлами ва унинг умумий иқтисодий фаолиятга таъсирини аниқлаш имконини берди.

Олиб борилган танланма статистик кузатувлар ва ҳисоб-китоблар натижасида ЯИМ ва аҳоли жон бошига ЯИМ каби макроиқтисодий кўрсаткичларнинг қамрови яхшиланди, шунингдек, уларнинг халқаро методологияларга мувофиқлиги таъминланди.

Амалга оширилган ҳисоб-китоблар натижасида 2023 йилда Ўзбекистон Республикасининг номинал ЯИМ ҳажми 125,6 триллион сўмга (10,7 миллиард долларга) ошди ва 1 192,2 триллион сўм (101,6 миллиард доллар)ни ташкил этди.

Муҳокамалар давомида экспертлар маълумотларни халқаро стандартларга (ХВЖ ёки Жаҳон банки методологияси) мувофиқлаштиришнинг аҳамиятини таъкидлади. Бу бошқа мамлакатлар билан маълумотларни таққослаш, иқтисодий кўрсаткичларни аниқ таҳлил қилиш учун фойдаланишга ёрдам беради.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.