Ўзбекистон музейларида сақланаётган 14 та экспонат Британия музейида намойиш этилади
26 сентябрь куни Лондондаги Британия музейида «Ипак йўллари» кўргазмаси ўз ишини бошлайди. Унда Ўзбекистоннинг музей коллекцияларига мансуб 14 та экспонат намойиш этилади.
Қулочи бўйича кенг қамровли ва жуғрофий миқёси бўйича улкан бўлган «Ипак йўллари» кўргазмасида кишилар, буюмлар ва ғояларнинг муттасил ҳижрати маданият ва тарихни шакллантиришга қай йўсинда туртки бергани кашф этилади. Лойиҳа мазкур ҳар бир омил солномасидаги ҳал қилувчи – милодий 500–1000 йиллардаги даврни қамраб олади.
Аксарият ашёлар, шу жумладан, шатранж доналарининг энг кўҳна тўпламларидан бири ва Афросиёбдаги ҳашаматли 6 метрлик «Элчилар хонаси» деворий сурати Лондонда илк бор намойиш этилади.
Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси «Ипак йўли» кўргазмаси учун Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси ҳамда Ўзбекистон давлат санъат музейида сақланаётган 14 та экспонатни тақдим этади.
Улар орасида Марказий Осиёнинг Буюк Ипак йўли тарихидаги аҳамиятига далолат бўлувчи Варахша саройи алвон меҳмонхонасининг деворий сурати, қопқоқли суякдон, сўғд ёзуви туширилган кумуш идиш, Кофирқалъа харобасига оид кўза ва бошқа ноёб археологик топилмалар мавжуд.
«Ипак йўллари» кўргазмаси 2024 йил 26 сентябрдан 2025 йилнинг 23 февралига қадар Британия музейидаги Sainsbury кўргазмалар галереясида намойиш этилади.
Шарҳлар