Самарқандда 13 ёшли болани Дамасга занжирлаб қўйган эркак 4 йилга қамалди

Фото: Болалар омбудсмани матбуот хизмати

Аввалроқ, Самарқандда 13 ёшли бола “Damas”нинг орқа ўриндиғига оёғидан занжирлаб қўйилгани ҳақида хабар берганилган эди. Ушбу ҳолат юзасидан мактаб ўқувчисини оёғидан занжирлаган шахсга суд ҳукми ўқилди.

Кўчадан ўтиб кетаётганлар Самарқанд шаҳрида тўхтаб турган “Damas” ичида бола занжирлаб қўйилганини кўриб қолган ва уни тасвирга олиб ижтимоий тармоқларда тарқатиб юборган.

Ҳолат тегишли ташкилотлар томонидан ўрганилганида бола Самарқанд вилояти Пахтачи туманида яшашлиги Қалқон-жасорат ҳарбий спорт мактабининг 6-синфида ўқиши ва 2011 йилда туғилган Ш.Ш. лиги маълум бўлган.

Ш.Ш.нинг васийлари Ж.С. ва Э.М. мазкур мактаб ўқитувчиси X.Ш.ни чақириб, хулқи оғирлиги туфайли болани Самарқанд вилояти Вояга етмаганларга ижтимоий ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига олиб боришини сўраган.

2024 йил 15 март куни ўқитувчи X.Ш. болани Самарқанд шаҳрига олиб келган ва машинадан тушиб қочиб кетмаслиги учун уни “Damas”нинг орқа ўриндиғига занжирлаб қўйган эди.

Шундан сўнг ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ томонидан терговга қадар текширув олиб борилиб, Жиноят кодексининг 138-моддаси (зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш) билан жиноят иши қўзғатилганди.

Қайд этилишича, жиноят ишлари бўйича Пахтачи туман судида болани ғайриқонуний тарзда занжирлаган шахсга нисбатан суд мажлиси бўлиб ўтган.

Суд судланувчи X.Ш.ни Жиноят кодексининг 110-моддаси 2-қисми “а” банди (вояга етмаган шахсни қийнаш), 138-моддаси 2-қисми “а” банди (зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш) билан айбли деб топган. Унга 4 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.