19 январдан бошлаб Chevrolet Lacetti ва Cobalt автомобиллари автомагнитоласиз етказиб берилади
Шу йилнинг 19 январидан бошлаб аввал тузилган шартномалар бўйича Chevrolet Lacetti ва Cobalt автомобиллари мижозларга автомагнитолаларсиз етказиб берилади. Бу ҳақда UzAuto Motors компанияси хабар беради.
Компаниядагилар бу ҳолатни Humax етказиб берувчиси томонидан бутловчилар етказиб бериш ишларидаги узилишлар билан боғламоқда.
«Микросхемалар етишмовчилиги “UzAuto Motors” компанияси учун ягона бўлган GM сертификатига эга автомагнитола ишлаб чиқарувчи “Humax” корхонасини ҳам четлаб ўтмади. Корея ишлаб чиқарувчиси автомагнитолани етказиб беришни номаълум муддатга тўхтатди», – дейилади хабарда.
Компаниянинг қайд этишича, харидорнинг розилиги билан амалга оширилувчи ушбу мажбурий чоранинг қўлланилиши юзлаб истеъмолчиларга узоқ кутилган автомобилларни яқин орада етказилишини таъминлайди.
Ушбу вазиятдан чиқиш учун магнитоласиз автомобил харидорларига иккита вариант таклиф этилади:
– Ишлаб чиқарувчи томонидан магнитола қурилмаси ҳамда унинг ўрнатилиш харажатларининг қопланиши билан яқин орада автомобилни магнитоласиз олиш. Бунда хоҳишга кўра, бозордан хоҳлаган турдаги автомагнитолани UzAuto Motors расмий дилерларида ўрнатиш борасида автомобилга берилган кафолат йўқотилмайди.
– Автомобилни кейинчалик текин қайта жиҳозлаш билан магнитоласиз олиб кетиш. Ишлаб чиқарувчи томонидан магнитола етказиб берилганидан сўнг, автомобиль қайта жиҳозланади.
Шарҳлар