2022 йилда Конституцияни янгилаш режалаштирилмоқда

Источник: Народное слово

Ўзбекистон президенти Конституция куни муносабати билан ўзининг халққа йўллаган байрам табригида янгиланган асосий қонун лойиҳасини тайёрлашни, уни умумхалқ муҳокамасига олиб чиқишни ва билдирилган таклифларни инобатга олган ҳолда такомиллаштиришни таклиф этди.

«Ушбу муҳим сиёсий ҳужжатни 2022 йил Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 30 йиллик байрами нишонланадиган кунларда қабул қилиш, ўйлайманки, миллий давлатчилик анъаналаримизга, халқимиз манфаатларига муносиб иш бўлади», – дейилади хабарда.

Президент таклиф этилаётган ўзгаришларни санаб ўтди:

Биринчидан, илгари амал қилиб келган “давлат – жамият – инсон” тамойилини “инсон – жамият – давлат” деб ўзгартириш, уни миллий қонунчилигимиз ва ҳуқуқий амалиётимизда мустаҳкамлаш зарур.

Иккинчидан, иқтисодий ислоҳотлар жараёнида инсон манфаатларини таъминлаш бош мезон бўлиши керак. Бу – халқпарвар давлат барпо этишнинг энг муҳим шартидир.

Учинчидан, “Жамият – ислоҳотлар ташаббускори” деган эзгу ғоя доирасида Асосий қонунимизда фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва мақомини конституциявий жиҳатдан мустаҳкамлаш ҳам давр талабидир.

Тўртинчидан, Бош қомусимизда оила институтини ривожлантириш, эзгу инсоний қадриятларимизни келгуси авлодларга безавол етказиш, миллатлараро тотувликни янада мустаҳкамлаш бўйича конституциявий асосларни белгилаб қўйишимиз зарур.

Бешинчидан, фарзандларимиз Янги Ўзбекистон бунёдкорлари сифатида майдонга чиқаётган бугунги кунда Конституциямизда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўла таъминлаш мақсадида ёшлар соҳасидаги давлат сиёсати, ўғил-қизларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласи, уларнинг ҳуқуқ ва бурчлари конституциявий даражада ўз аксини топиши керак.

Олтинчидан, ҳозирги кунда Ўзбекистон ижтимоий давлат ва адолатли жамият қуриш сари дадил бормоқда.

«Шу сабабли “Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат” деган тамойилни конституциявий қоида сифатида муҳрлашнинг вақти-соати етди, деб ўйлайман», – дея қайд этади президент.

Еттинчидан, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича амалдаги тизимнинг самарасини ошириш мақсадида Конституциямизда болалар меҳнатига йўл қўймаслик, ногиронлар, кекса авлод вакилларининг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш масалалари ҳам ўз аксини топиши зарур.

Саккизинчидан, ҳозирги вақтда кўплаб ривожланган давлатлар, табиатдаги глобал ўзгаришларни ҳисобга олиб, ўз конституциясига экологияга оид махсус боблар киритмоқда.

«Ўзбекистон Конституциясида ҳам ушбу долзарб масалага доир ҳуқуқий нормалар устувор ўрин эгаллаши лозим».

Тўққизинчидан, Учинчи Ренессанснинг тўрт узвий ҳалқаси бўлмиш боғча, мактаб, олий таълим ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш масалаларини конституциявий даражада мустаҳкамлаб қўйиш ҳам мақсадга мувофиқдир.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.