2023 йилда 94 нафар журналист ҳалок бўлди, кўпчилиги – Ғазо секторида

Журналист
Фото: Rafael Ben-Ari/Chameleons Eye/Photoshot/picture alliance

IFJ маълумотларига кўра, Исроилнинг ХАМАСга қарши уруши 1990 йилдан бери ОАВ ходимлари учун энг қонли урушга айланди. Украинадаги уруш ҳам журналистлар учун хавфли бўлиб қолмоқда, деб ёзади DW.

Халқаро Журналистлар Федерацияси (International Federation of Journalists, IFJ) 2023 йилда дунё бўйлаб ўз ишини бажариш чоғида ҳалок бўлган оммавий ахборот воситалари ходимлари сонидан чуқур хавотир билдирмоқда. ХЖФнинг 8 декабрь жума куни чоп этилган йиллик ҳисоботида айтилишича, йил бошидан буён дунё бўйлаб 94 нафар журналист ва ОАВ ходимлари, жумладан, тўққиз нафар аёл ўлдирилган.

Брюсселда жойлашган ташкилот маълумотларига кўра, қурбонлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 40 фоиздан кўпроқ ва 2021 йилга нисбатан эса икки баравар кўп бўлган, ўшанда мос равишда 67 ва 47 нафар ОАВ ходими ҳалок бўлган.

Исроил ва ХАМАС можароси охирги 30 йил ичидаги энг қонли низона айланди

Бу асосан Исроилнинг АҚШ ва Европа Иттифоқида террорчи сифатида тан олинган ХАМАС гуруҳига қарши уруши билан боғлиқ. IFJ маълумотларига кўра, ташкилот ўлдирилган ОАВ ходимларининг регистрини юрита бошлади 1990 йилдан буён бошқа ҳар қандай низоларга қараганда кўпроқ журналистларнинг ҳаётига зомин бўлган.

​7 октябрь куни ХАМАСнинг Исроилга ҳужумидан сўнг можарони ёритган 68 нафар журналист ҳалок бўлган, яъни кунига камида бир киши жон берган, бу бутун дунё бўйлаб ҳалок бўлган ОАВ ходимларининг 72 фоизи. Ҳалок бўлганларнинг катта қисми Исроил ҳарбий амалиётлари давом этаётган Ғазо секторининг журналистларидир.

Украина ҳам Россиянинг кенг кўламли босқинидан деярли икки йил ўтиб «журналистлар учун хавфли мамлакат бўлиб қолмоқда», дейилади ҳисоботда. Бу йил Украина, Россия ва Франциядан уч нафар журналист урушни ёритиш чоғида ҳалок бўлган. Журналистларнинг ўлими Афғонистон, Филиппин, Ҳиндистон, Хитой ва Бангладешда ҳам қайд этилган.

400 га яқин ОАВ ходимлари қамоқда

Бундан ташқари, қамоқдаги ОАВ вакиллари сони 2023 йилда 393 нафарга етди, бу кўплаб мамлакатларда: Россия, Беларусь, Хитой, Эрон ва бошқа мамлакатлардаги сиёсий репрессияларни акс эттиради, деб ёзади IFJ. Бу рўйхат айниқса сўнгги уч йил ичида кенгайди.

IFJ президенти Доминик Пардалье бутун дунё бўйлаб журналистлар ҳимоясини кучайтириш учун «янги глобал стандарт»ни ишлаб чиқишга чақирди.

Россия Журналистлар уюшмасининг IFJга аъзолиги тўхтатилди

2023 йил февралида Халқаро журналистлар федерацияси Россия Журналистлар уюшмасининг (РЖУ) аъзолигини тўхтатди. Қарор Россиянинг Украинага бостириб кириши ва аннексия қилинган Украина ҳудудларида РЖУ бўлимларини ташкил этиши ортидан РЖУ ҳаракатларини текширишдан сўнг қабул қилинди.

Ўшанда халқаро ташкилот президенти Пардалье таъкидлаганидек, Россия уюшмасининг хатти-ҳаракатлари бирдамлик тамойилларини бузади ва профессионал муҳитда низо келтириб чиқаради. РЖУ раҳбари Владимир Соловьёв IFJ нинг РЖУ аъзолигини тўхтатиш ҳақидаги қарорини сиёсий ва асоссиз деб атади. Россия Журналистлар уюшмаси 1995 йилдан бери IFJ аъзоси эди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.