2024 йилда Қорақалпоғистонда умумий қиймати 6,5 трлн сўмлик 421 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилади

Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикасини ҳар томонлама ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлашга доир қарорни имзолади.

2024 йилда вилоятда умумий қиймати 6,5 триллион сўмлик 421 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилади. Бу мақсадни амалга ошириш учун банклар кўмагида 86,6 мингта субъектни тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш режалаштирилган. Шундан 64 минг нафари якка тартибдаги тадбиркор, 5,8 минг нафари ўзини-ўзи банд қилган шахслар, 6,5 минг нафари тадбиркорлик субъекти, 10,3 минг нафари деҳқон хўжаликларида меҳнат қилади.

Шунингдек, хизмат кўрсатиш бўйича 1,6 мингга яқин объект ташкил этилиши режалаштирилган бўлиб, бу 2,9 мингта янги иш ўрнини яратиш имконини беради. Йўл бўйи инфратузилмасини ривожлантириш учун 19,5 гектар майдондаги ер участкалари аукционга қўйилади. Кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича комплекс дастурни амалга ошириш учун Бизнесни ривожлантириш банки томонидан 320 миллиард сўм ажратилади.

Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш компанияси томонидан тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш учун 50 миллиард сўм ажратилади. Шунингдек, банклар томонидан якка тартибдаги тадбиркорларга микрокредитлар ажратиш учун 60 миллиард сўм ажратилади.

Инновацион технологияларга асосланган инвестиция лойиҳалари учун «Нукус» эркин иқтисодий зонаси ташкил этилади. Зона иштирокчилари билан тузилган инвестиция шартномалари бекор қилинмайди ва уларни зонадаги мақомидан маҳрум қилиш фақат суд тартибида амалга оширилади.

Қишлоқ хўжалиги корхоналари ва хўжалик юритувчи субъектлар эҳтиёжлари учун хориждан олиб келинадиган 200 от кучидан ортиқ ҳайдаш тракторлари ва пахта териш машиналари 2026 йил 1 январга қадар божхона тўловлари ва утилизация йиғимларидан озод этилади. Тадбиркорлик субъектларига ҚҚС тўлаш «импорт» божхона режимига жойлаштирилган кундан бошлаб 270 кунгача кечиктирилган ҳолда амалга оширилади.

Қорақалпоғистон Республикасининг ваколатхонаси Ўзбекистоннинг Хитой Халқ Республикасидаги элчихонаси штат жадвалига киритилади. 1 апрелдан бошлаб «Истанбул-Нукус-Тошкент» ва «Самарқанд-Нукус-Истанбул» йўналишлари бўйича парвозлар йўлга қўйилади. Ҳужжат 2024 йил 13 февралдан кучга кирди, деб ёзади Norma.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.