2050 йилга келиб Хивада аномал иссиқ об-ҳаво 43 кун, Тошкентда эса 7 кун давом этади

Фото: freepik

2050 йилга бориб, дунё аҳолисининг ярмидан кўпи аномал даражада юқори ҳароратни бошдан кечиради. The Washington Post дунёнинг турли шаҳарларида неча кун ғайритабиий иссиқлик кузатилишини ҳисоблаб чиқди, деб ёзади “Медуза” нашри.

Шундай қилиб, Фарғонада 2050 йилга бориб шундай кунлар уч кунни, Тошкентда – 7, Самарқандда – 10, Навоийда – 25, Жиззахда – 33, Бухорода – 36, Нукусда – 40, Хивада – 43 кунни ташкил қилади.

Аномал иссиқлик бутун дунё бўйлаб одамларнинг соғлиғига таҳдид солмоқда. Сўнгги йилларда сайёрада ҳарорат фақат ўсиб боряпти, 2023 йилнинг ёзи рекорд даражада иссиқ келди.

The Washington Post ва CarbonPlan (оммага очиқ иқлим маълумотларини таҳлил қилувчи нодавлат ташкилот) яқин ўн йилликларда юқори ҳарорат одамлар ҳаётига қандай таъсир қилишини прогноз қилишди.

Мутахассислар ҳароратни нам термометр ёрдамида ҳисоблаб чиқишди. Бу кўрсаткич ҳарорат, намлик, қуёш нури ва шамолни ҳисобга олади ва иссиқлик инсон танасига қанчалик зарар етказишини баҳолаш учун «олтин стандарт» ҳисобланади.

Ҳисоб-китобларда «аномалия» учун чегара нам термометрда Цельсий бўйича  32 даража бўлган (оддий термометрда Цельсий бўйича 48 даражага тенг). Ушбу таҳлилий даражадан юқори ҳароратлар ғайритабиий иссиқлик деб аталади, бунда одамнинг очиқ ҳавода бўлиши хавфли ҳисобланади.

2050 йилга бориб, беш миллиарддан ортиқ одам ҳар йили камида бир ой иссиқлик таъсирида бўлади. Бу Жанубий Осиё ва Африкадаги камбағал мамлакатлар учун энг катта хавф туғдиради. Вазиятни ёмонлаштирадиган нарса шундаки, ҳавони кондиционерлаш ва ривожланган соғлиқни сақлаш тизими каби бошқа афзалликлар бу ҳудудларда кенг тарқалмаган.

The Washington Post мақоласи, шунингдек, 2050 йилга келиб дунёнинг турли шаҳарларида ҳар йили неча кун ўта иссиқ об-ҳаво давом этиши ҳақидаги маълумотларни жамлаган. Мисол учун, Индонезиянинг ҳозирда камида миллион киши истиқомат қилувчи Пеканбару шаҳрида 344 та шундай кун бўлади. Испаниянинг пойтахти Мадридда эса атиги тўққиз кун шундай бўлади.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.