83 дона Ўрта Осиё чўл тошбақаларининг ноқонуний олиб чиқилишига чек қўйилди

Фото: Фарғона божхона

Божхона органлари томонидан мамлакатимиздан ҳайвонот ва ўсимлик дунёси объектларининг ноқонуний олиб чиқилишига тизимли равишда қарши кураш олиб борилмоқда. Бу ҳақда Фарғона вилояти божхона бошқармаси матбуот хизмати хабар беряпти.

“Жумладан, Фарғона вилояти божхона бошқармасининг “Фарғона” чегара божхона пости ходимлари ДХХ Чегера қўшинлари ходимлари билан ҳамкорликда пост орқали қўшни давлатга ҳаракатланаётган “Дамас” русумли автотранспорт воситаси белгиланган тартибда холислар иштирокида кўздан кечирилди. Натижада, автотранспорт воситасининг салонида контейнерда ҳайвонларни ташиш қоидаларига зид равишда жойланган тегишли ҳужжатлари бўлмаган 83 дона тошбақалар борлиги аниқланди”, – дейилади хабарда.

Мазкур тошбақалар Фарғона ҳайвонот боғи мутахассислари иштирокида кўздан кечирилганида Ўзбекистон Республикасининг “Қизил китоби”га камайиб бораётган тур сифатида киритилган Ўрта Осиё чўл тошбақаси эканлиги ва 5 донаси нотўғри ташилганлиги сабабли зарарланганлиги маълум бўлиб тиббий муолажалар кўрсатилди. Суднинг якуний қарори чиққунга қадар вақтинча сақлаш учун ҳайвонот боғига топширилди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.