Аҳоли сонининг 1 фоизга кўпайиши ортидан уй-жойга бўлган талаб 0,8 фоизга ошган
Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) ўзининг Ўзбекистон кўчмас мулк ва ипотека бозори бўйича ҳисоботида Тошкент шаҳрида уй-жой нархлари учун ҳисобланган «пуфак индекси» нархлар пуфак хавфи чегарасига яқинлашиб бораётганини кўрсатаётганини қайд этди.
«Унга кўра, ҳисобот республика бўйича уй-жой нархлари, кўчмас мулк бозорининг жорий ҳолати ва келажаги ҳамда фундаментал ҳамда иқтисодий омилларга асосланган пуфак хавфи тўғрисидаги таҳлиллар билан биргаликда 5455 нафар аҳоли ва 141 қурилиш компанияси орасида ўтказилган сўров натижаларини ҳам ўз ичига олади», – дейилади хабарда.
Мазкур ҳисоботда улар асосий хулосаларини ҳам тақдим этишган:
Тошкент шаҳрида уй-жой нархлари учун ҳисобланган «пуфак индекси» нархлар пуфак хавфи чегарасига яқинлашиб бораётганини кўрсатмоқда. Пойтахтда ўртача таъмирланган 2 хонали хонадон сотиб олиш учун талаб этиладиган муддат (ўртача иш ҳақига нисбатан) 10 йилгача етган. Бу борада Тошкент шаҳри Токио, Париж ва Лондон шаҳарларига деярли етиб олган.
Тошкент шаҳрида уй-жой нархлари ўзгариши ва унинг ижарасидан келадиган умумий йиллик даромадлилик жисмоний шахсларнинг чет эл валютасидаги узоқ муддатли депозитлар бўйича ўртача фоиз ставкасидан (2023 йил сентябрда 5,3 фоиз) анча юқори ҳисобланади.
Ўтган йилларда аҳоли сонининг 1 фоизга кўпайиши уй-жойга бўлган талабнинг 0,8 фоизга ошишига олиб келган.
2021−2023 йилларда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ўртача ҳисобда уй-жой сотиб олувчи ҳар бешинчи киши ипотека кредитларига мурожаат қилган. Бу эса ушбу ҳудудларда аҳоли уй-жой сотиб олишда асосан ўз маблағларидан фойдаланаётганидан далолат беради.
«Ҳудудларда 1 квадрат метр учун кадастр ҳужжатлари чиққандан кейинги нарх кадастр олишдан олдинги нархдан ўртача 19−20 фоизга қимматлашади. Пойтахтда эса ушбу кўрсаткич 35−39 фоизгача етади», – дейилган хисоботда.
Уй-жой нархларининг 500 млн сўмдан ошиши аҳолининг 80 фоиздан ортиғининг уй сотиб олиш имкониятларини пасайтириб юборади. Аҳолининг аксарият қисми ипотека кредити ёки уй-жой нархини бўлиб тўлаш учун ойига 4 млн сўмгача тўлаш қобилиятига эга.
Шарҳлар