Аҳолига қўй ва эчки тарқатишга 100 миллион доллар йўналтирилади
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 16 февраль куни чорвачилик соҳасидаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида давлат раҳбари аҳолига кооперация асосида 350 минг бош қўй-эчки тарқатишни бошлаш, бунинг учун 100 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратиш бўйича топшириқ берди.
Жорий йилда соҳада 123 та йирик лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Шавкат Мирзиёев лойиҳаларни ўз вақтида ишга тушириш билан бирга, қўшимча имкониятларни излаш, ем-хашак экинлари майдонларини кенгайтириш зарурлигини таъкидлади. Хусусан, ҳар бир кластерда алоҳида майдонларда алмашлаб экишни ташкил этиш орқали камида 500 бош чорвачилик мажмуасини ташкил этиш мумкин. Ем-хашак базасини айланмадан чиқарилган ерларнинг мелиоратив ҳолатига яхшилаш ва янги ерларни ўзлаштириш ҳисобига ҳам ошириш мумкин.
Бундай лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун 120 миллион доллар миқдорида кредитлар ажратилиши, шунингдек субсидиялар, божхона ва солиқ имтиёзлари берилиши қайд этилди.
Президент жорий йилда халқаро молия институтларидан 500 миллион доллар жалб этиш ва бу маблағни чорвачиликни ривожлантириш лойиҳаларига йўналтириш бўйича мутасаддиларга топшириқ берди.
Президент чорва моллари маҳсулдорлигини ошириш, наслчилик ишларини яхшилашга алоҳида эътибор қаратди. Самарқанд ветеринария медицинаси институти фан ва илғор тажрибаларни жорий этиш бўйича масъул этиб белгиланди. Эндиликда мазкур институтнинг мақоми оширилиб, унга ветеринария, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, қоракўлчилик, чўл экологияси илмий-тажриба институтлари бириктирилади. Муассаса кластерларни амалий ва услубий қўллаб-қувватлаш, пуллик хизматлар кўрсатиш, аҳоли ва фермерлар учун қисқа муддатли курслар ташкил этиш билан шуғулланади.
“Чорванасл” агентлигига ҳар бир туман шароитида наслчилик ишларини яхшилаш бўйича уч йиллик дастур ишлаб чиқиш топширилди.
Шарҳлар