АҚШ Германияни Украина қуролли кучларига РФ ичкарисига зарбалар беришга рухсат бергани ҳақида хабардор қилди
Германия канцлери матбуот котиби Вольфганг Бюхнернинг маълум қилишича, Қўшма Штатлар Россия ҳудудига ATACMS ракеталари билан зарбалар бериш учун Украинага рухсат берилгани ҳақида мамлакат расмийларини хабардор қилди, деб ёзади Tagesschau немис портали.
Берлин Вашингтоннинг қарори канцлер Олаф Шольцнинг Украинага Taurus ракеталарини етказиб беришдан бош тортишига таъсир қилмаслигини таъкидлади. «Йўқ, бу Германия ҳукуматининг Taurus ракеталарини етказиб бериш бўйича позициясини ўзгартирмайди», – деди Бюхнер Берлиндаги матбуот анжуманида.
Шольц февраль ойи охирида ушбу ракеталарнинг етказилишига қарши чиққанди. Кейин у ўз қарорини Германияни Украинадаги можарога жалб қилиш хавфи билан изоҳлади.
Аввалроқ Le Figaro нашри Франция ва Буюк Британия Украинага SCALP ва Storm Shadow ракеталари ёрдамида Россия ичкарисига зарбалар беришга рухсат бергани ҳақида хабар берган эди. Бироқ кейинчалик матннинг бу қисми сайтдан олиб ташланганди.
Шарҳлар