АҚШ элчиси президентлик муддатларини узайтириш хатарлари ҳақида фикр билдирди
Ўзбекистон ҳукумати ва фуқаролари Конституцияга киритилиши режалаштирилаётган ўзгартишларда назарда тутилган Президентнинг амалдаги ваколат муддатини ўзгартириш билан боғлиқ хатарлар ва манфаатларни диққат билан кўриб чиқиши керак. Бу ҳақда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дэниэл Розенблюм Alter Ego лойиҳасига берган интервьюсида маълум қилди, деб ёзади “Газета. uz” .
Дипломатнинг Қўшма Штатлар бошқа давлатга уларнинг Конституциясида нима бўлиши керак ёки бўлмаслиги кераклигини кўрсатмоқчи эмаслигини таъкидлади.
“Шунинг учун мен тузатишларнинг ўзи ҳақида изоҳ бермайман. Аммо жараёнга келсак, менимча, жамоатчилик фикрини олиш жуда муҳим. Биламан, жамоатчилик фикрини тўплаш устувор вазифа қилиб қўйилган. Шунингдек, халқаро экспертларнинг муносабатини ҳам билиш муҳим, деб ўйлайман ва бу борада қандайдир саъй-ҳаракатлар қилинганга ўхшайди. Лекин ҳар доим янада кўпроқ ишларни қилишингиз мумкин, – деди у.
Унинг сўзларига кўра, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотида (ЕХҲТ) “конституциявий таҳлил бўйича ажойиб кўникмаларга эга бўлган, халқаро миқёсдаги илғор тажрибаларни ўрганувчи” экспертлар бор.
“Шундай экан, бу ҳам муҳим деб ўйлайман. Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини янада таъминловчи ўзаро тийиб туриш ва мувозанат тизимини мустаҳкамлайдиган ҳар қандай ўзгаришлар яхши, деган бўлардим. Шундай экан, агар ишлар шу йўналишда кетаётган бўлса, бу яхши”, деди у.
Дэниел Розенблюмнинг таъкидлашича, қандай тузатишлар таклиф қилинмасин ва референдумга олиб чиқилмасин, барча эътибор президентлик муддатлари билан боғлиқ бўлади.
“Бу ҳозир ҳам, кейин ҳам асосий эътиборда (“урғу берилган диққат” маъносида”-таҳрир.) бўлади. Ният қандай бўлишидан қатъий назар, халқаро идрок шундай бўлади. Ва мен бу масала бўйича баҳс-мунозаралар борлигини биламан. Улардан баъзиларини ўқиган ва кўрганман. Бунга қандай тўғри ёндашиш ҳақида баҳслар борлиги яхши. Шунчаки айтмоқчиманки, Ўзбекистон ҳукумати ва фуқаролари амалдаги ваколат муддатини ўзгартириш билан боғлиқ хавф ва манфаатларни синчковлик билан кўриб чиқадилар, деб умид қиламан”, — деди элчи.
Америка дипломатик миссияси раҳбари жаҳон тажрибасига тўхталиб, чекловларни олиб ташлаш ва президентлик муддатини узайтириш билан боғлиқ такрорланадиган сценарийни қайд этди.
“Муддатлар бўйича чекловлар олиб ташланса ёки муддатлар жуда узоқ муддатга узайтирилса, сиз одамлар олдида камроқ жавобгар бўлган ҳукуматга эга бўласиз. Ҳақиқий ҳаётда худди шундай бўлади. Шундай экан, Ўзбекистон, унинг халқи, ҳукумати бу масалага жуда эҳтиёткорлик билан ёндашиши керак, деб ўйлайман”, — дея огоҳлантиради у.
Дэниел Розенблюм президентлик муддатини узайтириш тарафдорлари Шавкат Мирзиёев бошлаган ислоҳотларни якунлаш учун вақт етишмаслиги ҳақида ҳам гапирди. Жумладан, Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафаев “бу ислоҳотларни бошлаган президент уларни якунлаш имкониятига эга бўлиши керак”, деб таъкидлади.
Элчи бу мамлакатлар дуч келаётган “ҳақиқий дилемма” деган фикрга қўшилди. У Ўзбекистонда ислоҳотлар узоқ давом этишини ва улар осон кечмаслигини таъкидлади.
“Одамлар нима учун бундай дейишаётганини мен тушунаман: демак жуда кўп вақтни керак бўлар экан, биз ҳозирги президент раҳбариятига ишонар эканмиз, у ишни охиригача етказиши учун ёнма-ён бўлиши керак. Бу тушунарли ва бу ерда мантиқ бор. Шу билан бирга, менимча, ҳар бир давлат, шу жумладан АҚШ ҳам ушбу ва бошқа хавфларни солиштириши керак. Ислоҳотлар дастурини якунламаслик хавфи ва уни фақат битта раҳбар охирига етказиши мумкинлигига ишониш хавфи бор”, – дейди у.
Шу билан бирга, дипломат “ўзаро назорат ва мувозанат йўқ, жавобгарлик етарли бўлмаган ва натижада одамлар учун ишлар яхши кетмайдиган тизим” яратиш хавфи борлигини таъкидлади. У тўртинчи муддатининг бошида вафот этган ва мамлакатни 12 йил бошқарган Америка президенти Франклин Рузвельтни мисол қилиб келтирди.
Унинг сўзларига кўра, бу Америка тарихидаги биринчи ҳолат эди. «Эҳтимол, у бизни тарихнинг жуда оғир давридан олиб ўтган, Буюк Тушкунлик ва Иккинчи Жаҳон уруши пайтида бизга ёрдам берган буюк лидердир. Аммо АҚШда бунга қандай муносабатда бўлинди? Рузвельт вафотидан бир неча йил ўтгач, биз Конституцияга ўзгартириш киритдик, унга кўра, президент фақат икки муддатга сайланиши мумкин, ундан кўп эмас. Шундан бери бу қоидага риоя қилинмоқда. Америкада эса уни ўзгартириш ҳақида ҳеч қандай баҳс-мунозара йўқ”, – дейди дипломат.
Дэниел Розенблюмнинг таъкидлашича, шу сабабли ҳар бир давлат ушбу хавфларни қандай мувозанатлаш борасида ўз танловини амалга ошириши керак.
“Умид қиламанки, юқорида айтганимдек, Ўзбекистон бу қадамни синчиклаб кўриб чиқади ва хавф-хатарлар бўлиши мумкинлигини тушунади, балки бу хавфларнинг олдини олиш учун қандайдир чоралар кўради. Айнан қайси эканлигини билмайман, аммо шуни айтмоқчиманки, буни ҳисобга олиш керак”, – деди у.
Шарҳлар