АҚШ ҳукумати Ўзбекистонни Россияга товарларни «ўтказиш пункти» деб атади
Пайшанба куни АҚШ ҳукумати компанияларни Москванинг Украинага бостириб кириши ортидан Россияга қарши санкцияларни қўллашга чақирди ва бу амалга оширилмаса, судга тортилиши ёки жазо чоралари қўлланилиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Бу ҳақда Reuters агентлиги ёзади.
АҚШ Адлия, савдо ва ғазначилик департаментларининг қўшма баёнотида айтилишича, корхоналар Россияга қарши чекловлар ва санкцияларни четлаб ўтиш учун қўлланиладиган тактикалардан, жумладан, сохта компаниялар, тахаллуслар ва етказиб бериш маълумотларини яшириш каби огоҳлантириш белгиларидан хабардор бўлиши керак.
Ҳисоботда Хитой, Арманистон, Туркия ва Ўзбекистон каби давлатлар “тақиқланган товарларни Россия ёки Беларусга ноқонуний йўналтириш” учун “ўтказиш пунктлари” сифатида фойдаланилаётгани тилга олинади.
«Барча йўналишдаги компаниялар қатъий риоя қилиш назоратини амалга ошириш орқали масъулият билан ҳаракат қилишлари керак», – дейилади қўшма баёнотда.
Бир йил аввал Россия қўшинлари Украинага бостириб кирганидан буён Қўшма Штатлар, Европа ва бошқа ҳамкорлар қатор жисмоний ва юридик шахсларга қарши санкциялар жорий қилган.
Шарҳлар