“АҚШнинг Ўзбекистондаги собиқ базасида уран борлиги юзасидан маълумотга эга эмасмиз” — Пентагон
Пентагон АҚШ армиясининг Ўзбекистондаги Қарши-Хонобод (К2) собиқ базасида уран концентрати (сариқ кек) бор-йўқлиги ҳақида маълумотга эга эмас. Бу ҳақда муассаса матбуот котиби ўринбосари Сабрина Сингх маълум қилди.
“К2 объектларида сариқ кек борлигини тасдиқловчи қандайдир тадқиқотлар ёки ҳисоботлар ҳақида бизга маълум эмас”, — деди у.
2023 йил апрелида Associated Press нашри Қарши-Хонобод базасида хизмат қилган америкалик ҳарбийлар АҚШ Мудофаа вазирлигини судга бергани ҳақида хабар қилганди. Уларнинг фикрича, Пентагон ҳарбий объектда зарарли моддалар борлигини улардан яширган.
2015—2020 йиллар мобайнида К2 да хизмат қилган 75 киши саратондан вафот этган. Кейинроқ яна ўн киши онкологик касалликлар натижада ҳаётдан кўз юмган.
Эслатиб ўтамиз, 2005 йил 29 июлда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги америкаликлар ярим йил ичида базани тарк этиши кераклигини маълум қилганди. Август охирида Ўзбекистон сенати бу қарорни қонунийлаштирди. Қабул қилинган ҳужжатда сенат “АҚШ Қуролли кучларининг Ўзбекистон ҳудудидаги базаси фаолиятини узайтириш учун сабаблар кўрмаётгани” таъкидланган.
Баёнотда “аэродром АҚШга 2001 йилда имзоланган битим асосида Афғонистонда қидирув-қутқарув ва гуманитар операциялар олиб бориш учун тақдим этилгани, Ўзбекистон ўз мажбуриятларини бажаргани, аммо АҚШ атроф-муҳитга етказилган зарар харажатларини қоплаб бермагани” эслатилган.
Шарҳлар